Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқи
Октябрь 09, 2026. 16:55 • 5 дақ
• 76
(2026 йил 9 октябрь)
Муҳтарам Сердар Гурбангулиевич!
Ҳурматли ҳамкасблар!
Учрашувимизнинг барча иштирокчиларини яна бир бор қутлашдан мамнунман.
Аввало, Туркманистон Президенти, ҳурматли Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовга ушбу масканда бизни доимо самимий кутиб олаётгани учун чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Мажлисимизнинг фахрий меҳмони – Эрон Ислом Республикаси Президенти, ҳурматли Масъуд Пезешкиён жанобларини қутлайман.
Ўзбекистон Республикасининг 2027 йилда МДҲга раислик қилиши тўғрисидаги қарорни қўллаб-қувватлаганлари учун ҳам барча ҳамкасбларимга ўз ташаккуримни изҳор этаман.
Ҳамдўстликда раислик қилиш биз учун, аввало, умумий ишимизга ўз ҳиссамизни қўшиш, янги ғояларни таклиф этиш ҳамда бугунги кунда мамлакатларимиз учун чиндан ҳам муҳим бўлган йўналишларни биргаликда ривожлантириш имконияти демакдир.
Келгуси йили аниқ ва сезиларли натижа берадиган масалаларни эътибор марказига қўйиш ниятидамиз. Булар – иқтисодиёт, янги технологиялар, транспорт, хавфсизлик, таълим, илм-фан ва инсон салоҳиятини ривожлантиришдир.
Биз Ўзбекистоннинг раислиги учун белгиланган “МДҲ – ишонч ва умумий тараққиёт макони” деган шиорда айнан ушбу ёндашувни мужассам этдик. Бугунги кунда Раислик концепцияси ва Тадбирлар режаси устидаги ишларни якунламоқдамиз. Уларда ҳозирнинг ўзида юздан ортиқ аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Мазкур дастур оддий ташаббуслар рўйхати бўлиб қолмаслиги биз учун муҳимдир. Ҳар бир йўналиш бўйича аниқ қадамлар, муддатлар ва биз биргаликда эришадиган натижа бўлиши керак.
Раислигимиз даврида айнан мана шундай амалий ишларга эътибор қаратишни хоҳлаймиз.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Ҳамдўстлик доирасидаги сиёсий мулоқотга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Бугун дунёда вазият тобора мураккаблашиб бораётган бир пайтда ҳар қандай масалани хотиржам муҳокама қилиш, бир-биримизни тинглаш ҳамда барчамизга мақбул бўлган ечимларни излаш имкониятини сақлаб қолиш ўта муҳимдир.
Яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва англашув мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг асоси бўлиб қолади ва бу пойдеворни мустаҳкамлаш лозим.
Иқтисодиётда асосий эътиборни саноат кооперациясига қаратишни таклиф этамиз. Мамлакатларимиз салмоқли ишлаб чиқариш имкониятлари, ресурслар, технологиялар ва бозорларга эга. Агар ана шу салоҳиятимизни бирлаштирсак, қўшма ишлаб чиқариш қувватларини яратсак ва барқарор етказиб бериш занжирларини йўлга қўйсак, барча иштирокчилар учун натижа янада сезиларли бўлади.
Шунинг учун биз саноат кооперациясини ривожлантириш ва ўзаро инвестициялар учун шароитларни яхшилашга алоҳида эътибор қаратамиз. Шу билан бирга, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-сотиққа ҳамон халақит бериб келаётган тўсиқларни бартараф этиш муҳим аҳамиятга эга.
Ҳамкорликнинг алоҳида йўналиши рақамли технологиялар билан боғлиқ. Биз улардан бизнесда фойдаланишни кенгайтириш, электрон тижоратни ривожлантиришни муҳим деб ҳисоблаймиз.
Ушбу жараёнда фақат ҳозирнинг ўзида ҳам яхши ривожланган соҳалар билан чекланиб қолмаслик керак. Олдинга қадам ташлаш ва яқин йилларда мамлакатларимиз иқтисодиёти рақобатбардошлигини ошириш билан боғлиқ бўладиган соҳаларда биргаликда ишлаш зарур.
Бу ўринда сўз муҳим минераллар, сунъий интеллект, роботлаштириш, янги материаллар ва замонавий энергетика технологиялари соҳалари ҳақида бормоқда. Айнан шу соҳалар бугунги кунда ўз компетенцияларимиз ҳамда қўшма лойиҳаларни яратган ҳолда, ортда қолиб кетмаслигимиз муҳим бўлган йўналишлардир.
Раислигимизнинг яна бир муҳим йўналиши транспорт билан боғлиқ.
Марказий Осиё бугунги кунда Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги муҳим транспорт тугунига айланиб бормоқда. Биз ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланишимиз керак. Бунинг учун транзит тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда қулай, хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлган йўналишларни яратиш муҳимдир.
Биз Марказий Осиё транспорт тармоғи МДҲ маконида ва унинг ташқарисидаги умумий алоқалар тизимининг муҳим қисмига айланишидан манфаатдормиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Хавфсиз ва барқарор муҳитсиз на иқтисодиёт, на савдо, на йирик қўшма лойиҳалар бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун раислигимиз даврида айни йўналиш ҳам энг муҳим соҳалардан бири бўлиб қолади.
Биз МДҲнинг соҳавий органлари ишини ва мамлакатларимизнинг умумий таҳдидларга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Бу ўринда сўз терроризм, экстремизм ва кибержиноятчилик ҳақида бормоқда.
Бу таҳдидларнинг барчаси аллақачон алоҳида давлатлар чегарасидан чиқиб кетган.
Айниқса, бугунги кунда кибержиноятчилик тез кучаймоқда. У оддий фуқаролар, бизнес вакиллари, банклар, давлат тизимларига дахл қилмоқда ва шу боис, доимий эътиборни ҳамда мамлакатларимиз ўртасида яқин ҳамкорликни талаб этади.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Ҳамдўстликнинг келажаги ҳақида гапирар эканмиз, мамлакатларимизни инсонлар боғлаб туришини ҳам ёдда тутишимиз муҳим. Бу инсонлар ўртасида бир неча ўн йиллар давомида шаклланган ришталардир. Айнан мана шу алоқалар кўп жиҳатдан муносабатларимизнинг барқарорлигини белгилайди.
Шунинг учун талабалар, ёш мутахассислар, олимлар, тадқиқотчилар ва ижодий касб эгаларининг ўзаро мулоқот қилиши, бир-биридан ўрганиши ҳамда биргаликда ишлаши учун кўпроқ имкониятларга эга бўлиши муҳим.
Бу, айниқса, ёшларга тааллуқли. Зеро, Ҳамдўстлик келгусида қандай бўлишини айнан ёш авлод белгилайди.
Мамлакатларимиз улкан инсоний ва интеллектуал салоҳиятга эга. Ушбу салоҳият замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, инновациялар ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қиладиган шароитларни яратиши зарур.
Бутун фаолиятимиз марказида инсон, унинг қадр-қиммати, манфаат ва имкониятларини рўёбга чиқариш туриши керак. Фақат ана шундагина МДҲ таълим олиш, меҳнат қилиш, янги лойиҳалар яратиш, шериклар топиш ва ўз келажагини қуриш мумкин бўлган макон сифатида қабул қилинади.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Биз раислигимиздан ўз самарадорлигини исботлаган барча ютуқларни сақлаб қолиш ва шу билан бирга, бугунги кунда янги ечимлар топиш зарур бўлаётган йўналишлар ривожига қўшимча суръат бағишлаш учун фойдаланиш ниятидамиз.
Пировардида фақат қабул қилинган ҳужжатлар ва келишувлар эмас, балки келгусида ҳам наф келтирадиган аниқ натижаларга эришиш муҳимдир.
Бу ишда Ҳамдўстликнинг барча давлатлари қўллаб-қувватлашига умид қиламиз.
Сўзимнинг якунида ҳурматли Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовга меҳмондўстлик ҳамда учрашувимизни ажойиб тарзда ташкил этгани учун яна бир бор миннатдорлик билдираман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси