“Комсомольская правда” газетаси: Ўзбекистон–Россия ўртасида гастрономик туризм тобора кенгаймоқда
Июнь 25, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 13
МОСКВА, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Россиянинг оммабоп “Комсомольская правда” нашрида Ўзбекистон–Россия ўртасидаги гастрономик дипломатияга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалда Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти ахборотномаси” расмий илмий журналида чоп этилган тадқиқот ҳақида сўз юритилган. Мазкур материал Россия–Ўзбекистон маданий-гуманитар ҳамкорлигини мустаҳкамлашда гастрономик дипломатия ва гастрономик туризмнинг ўрнига бағишланган.
Тадқиқот муаллифлари 2025–2026 йилларга оид долзарб статистик маълумотлар ва бозор тенденцияларига таяниб, ўзбек пазандачилик маданиятининг Россия ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва ресторанлар соҳасига интеграциялашуви динамикасини таҳлил қилган.
Ушбу тадқиқотда анъанавий ўзбек ошхонасининг маданиятлараро мулоқотнинг муҳим воситаси сифатидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилган. Олимларнинг фикрича, у нафақат гастрономик бренд сифатида намоён бўлади, балки икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшади.
Бундан ташқари, тадқиқотда глобаллашув ва овқатланиш одатларининг бирхиллашуви шароитида пазандачилик меросининг ўзига хослигини сақлашга қаратилган Россия ва Ўзбекистоннинг қўшма стратегик дастурини амалга ошириш бўйича таклифлар ҳам келтирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси