Logo

Иман Ал Мадҳун: Юксак эътибор ва ғамҳўрликка қарамай, қалбимда оғир дард ҳам бор – турмуш ўртоғим ва қизим Ғазода ҳалок бўлган

Март 02, 2026. 15:32 • 3 дақ

24
Иман Ал Мадҳун: Юксак эътибор ва ғамҳўрликка қарамай, қалбимда оғир дард ҳам бор – турмуш ўртоғим ва қизим Ғазода ҳалок бўлган

ТОШКЕНТ, 18 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда “Дунё” ахборот агентлиги вакиллари Фаластиндаги Ғазо секторидан юртимизга эвакуация қилинган фаластинлик оилалардан бири –Иман Ал-Мадҳун хонадонида бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Муқаддас Рамазон ойида ташкил этилган ушбу ташриф расмий учрашувдан кўра, аввало инсоний мулоқот, моддий-маънавий кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш бўлди. Суҳбат давомида оиланинг бугунги турмуш тарзи, яратилган шароитлар ҳамда уларнинг кечинмалари билан ўртоқлашилди.

2024 йил охирида Ўзбекистон томонидан Ғазо секторидаги қуролли тўқнашувлардан жабр кўрган фаластинлик аёллар, болалар ва уларнинг яқинларини эвакуация қилиш ишлари амалга оширилган эди. Улар махсус рейслар орқали мамлакатимизга олиб келиниб, тиббий кўрикдан ўтказилди ҳамда даволаниш ва вақтинча яшаш учун барча зарур шароитлар билан таъминланди.

Сўнгги йилларда Яқин Шарқдаги кескин вазият, айниқса, Ғазо секторидаги қуролли тўқнашувлар оқибатида юзага келган гуманитар муаммолар бутун дунё жамоатчилигини ташвишга солмоқда. Қуролли можаролар натижасида минглаб тинч аҳоли, айниқса аёллар ва болалар жабр кўрди. Шу боис, халқаро ҳамжамият томонидан урушдан зарар кўрган аҳолига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш, уларни хавфсиз ҳудудларга олиб чиқиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон ҳам ушбу масалага бефарқ қолмай, Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, мамлакат раҳбарияти халқаро минбарларда Ғазо секторидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва тинч аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш зарурлигини изчил таъкидлаб келмоқда.

Мазкур инсонпарварлик ташаббусларини тизимли равишда давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистондаги бир гуруҳ фаластинлик фуқароларга давлат ғамхўрлиги, меҳр-шафқат тамойиллари асосида кўмак бериш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, эвакуация қилинган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш, таълим олиш ва меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш учун кенг имкониятлар яратилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда вақтинча бошпана топган фаластинлик оилалар учун муносиб ҳаёт шароитлари яратилган. Улар тиббий ёрдам олмоқда, фарзандлари таълим муассасаларида таҳсил олмоқда, айримлари эса иш билан таъминланиб, янги ҳаётни бошламоқда. Юртимизга эвакуация қилинган Иман Ал-Мадҳун суҳбат давомида ҳаёт йўли, бошидан кечирган оғир синовлари ҳақида тўхталиб ўтди:

– Ўғлим Каримни даволаш ва соғлиғини тиклаш учун Ўзбекистонга келдим. Аввало, ўзбек халқига юксак эътибор ва кўмак учун алоҳида миннатдорлик билдираман. Бу ерда бизга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, яшаш учун барча зарур шароитлар яратилди.

Шунча эътибор ва ғамҳўрликка қарамай, қалбимда оғир дард ҳам бор: турмуш ўртоғим ва қизим Ғазода ҳалок бўлди, яна бир қанча яқинларим ҳали ҳам у ерда қолган. Шу боис, Ўзбекистон Президентидан илтимос қилардимки, имкони бўлса, улар билан кўришишим учун ёрдам берса.

Ўзбекистонга келганимиздан сўнг, ўзимизни хавфсиз ҳис қилдик. Ўзбек халқи бизни жуда илиқ кутиб олди. Давлат томонидан яшаш жойи, озиқ-овқат ва кундалик ҳаёт учун зарур ёрдамлар таъминлаб берилди. Ҳозирда мен оилам билан шу хонадонда яшаяпман. Болалар мактабга қатнамоқда, мен эса ширинлик фабрикасида ишлаяпман. Мана шу пишириқлар ҳам айнан бизнинг қандолатхона маҳсулотлари. Бугун бизни ифторлик дастурхонига таклиф қилишди. Масъуллар билан яқиндан танишиб, суҳбатлашиш имконига эга бўлдик. Яна бир бор Ўзбекистон халқи ва давлатига миннатдорлик билдираман.

Иман Ал Мадҳуннинг кечинмалари – бу фақат бир оиланинг ҳикояси эмас. Унинг ортида Ўзбекистонда вақтинча бошпана топган юзга яқин фаластинлик оилалар тақдири ҳам мужассам. Шу билан бирга, Ўзбекистон халқаро майдонда Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватламоқда.


Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш