ЖЧ-2026 давомида Ўзбекистон Туризм қўмитаси ахборот кампанияси миллиарддан ортиқ кузатилди

Июль 01, 2026. 16:00 • 2 дақ

55
ЖЧ-2026 давомида Ўзбекистон Туризм қўмитаси ахборот кампанияси миллиарддан ортиқ кузатилди
Сурат “NPR” порталидан

ТОШКЕНТ, 1 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Туризм қўмитасининг футбол бўйича жаҳон чемпионати доирасида амалга оширган халқаро ахборот кампанияси жами 1,07 миллиарддан зиёд кишини қамраб олган медиа-аудиторияни таъминлади, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Қўмита маълумотларига кўра, кампания Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионати ўйинларидаги иштирокига ҳамроҳлик қилган ва “Uzbekistan” сайёҳлик брендини илгари суришга қаратилган.

Таъкидланишича, терма жамоа ўйинлари ўтказилган кунларда хорижий оммавий ахборот воситаларида мамлакат ҳақидаги нашрлар сони сезиларли даражада ортган, шунингдек, “Visit Uzbekistan”, “Travel Uzbekistan” ва “Uzbekistan Tour” қидирув сўровлари кўпайган. Энг катта қизиқиш Колумбия ва Португалия терма жамоаларига қарши ўйинлар вақтида қайд этилган.

“Google Trends” ва қўмита мониторинг тизими натижаларига кўра, “Uzbekistan Colombia World Cup 2026” мавзусидаги қидирув сўровлари сони 450 фоизга, “Uzbekistan” сўровига бўлган умумий қизиқиш 40 фоизга, Ўзбекистонга саёҳат билан боғлиқ сўровлар сони эса яна 10 фоизга ошган.

Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тўғрисидаги материаллар 3 мингдан ортиқ хорижий ОАВ ва янгиликлар агрегаторларида эълон қилинди. Аудиториянинг умумий жалб этилиши 52 миллиондан ортиқ ўзаро таъсирни ташкил этди. Мақолалар “BBC”, “ESPN”, “MSN”, “The Guardian”, “Fox News”, “Daily Mail”, “NDTV”, “VnExpress” каби халқаро нашрларда чоп этилган.

Рақамли тарғиботдан ташқари, Туризм қўмитаси жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган шаҳарларда миллий сайёҳлик стендлари, расмий мухлислар ҳудудлари, маданий дастурлар ва мамлакатнинг туризм салоҳияти тақдимотлари каби офлайн тадбирларни ҳам ташкил этди.

Асосий лойиҳалардан бири Атланта халқаро аэропортида ташкил этилган тақдимот майдончаси бўлди. Унда халқаро аудиторияга Ўзбекистоннинг сайёҳлик йўналишлари, маданий мероси ва туризм соҳасининг сармоявий имкониятлари намойиш этилди.

Туризм қўмитаси таъкидлашича, ўтказилган кампания миллий сайёҳлик брендини илгари суриш ва потенциал сайёҳлар орасида Ўзбекистонга бўлган барқарор қизиқишни шакллантиришда йирик халқаро спорт тадбирларидан фойдаланиш самарадорлигини ифодалади.

Сурат “NPR” порталидан

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш