Хитойда Ўзбекистон ёшлари куни нишонланди
Июль 01, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 69ПЕКИН, 1 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси томонидан Пекин шаҳрида Хитойда яшаётган ва таҳсил олаётган ватандошлар иштирокида Ёшлар кунига бағишланган байрам тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшларга оид давлат сиёсати ҳамда хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ёшларнинг мамлакат тараққиёти, ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнидаги муҳим ўрни алоҳида эътироф этилди.
Элчихона вакиллари дипломатик ваколатхонанинг асосий вазифаларидан бири Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда амалий кўмак кўрсатишдан иборат эканини таъкидладилар. Шу билан бирга, мамлакатда ёшлар ва спорт соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган давлат сиёсати натижасида ўзбекистонлик спортчилар халқаро майдонларда юксак натижаларни қўлга киритаётгани қайд этилди.
Тадбир доирасида ватандошлар иштирокида дўстона футбол турнири бўлиб ўтди. Шунингдек, қатнашчиларга миллий таомлар тортиқ қилиниб, ўзбек миллий куй ва қўшиқлари ижро этилди.
Халқаро бизнес ва иқтисодиёт университети битирувчиси Лобар Абдумажидова:
- Биз давлатимизнинг ёшларга бўлган эътиборини доимо ҳис қилиб келмоқдамиз. Хитойда олаётган билимларимиздан мамлакатимиз тараққиёти йўлида фойдаланиш ниятидамиз. Бу йил биз муҳим сана – мустақиллигимизнинг 35 йиллигини нишонлаяпмиз. Барчангизни ушбу байрам билан табриклайман.
Пекин чет тиллари университети талабаси Шерзод Арслонов:
- Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Биз, Хитойда таҳсил олаётган ўзбекистонликлар, бу имкониятлардан самарали фойдаланиб, ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшамиз. Барча ватандошларимизни байрам билан табриклайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




