Покистонда ўқув марказининг томи қулаши оқибатида 14 нафар бола ҳалок бўлди

Июль 01, 2026. 14:30 • 2 дақ

75
Покистонда ўқув марказининг томи қулаши оқибатида 14 нафар бола ҳалок бўлди
“Reuters” агентлиги сурати

ЛАҲОР, 1 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг Лаҳор шаҳрида хусусий ўқув маркази томи қулаши оқибатида камида 14 нафар бола ҳалок бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири “Geo News” телеканалига таяниб.

Қутқарув хизмати вакиллари маълум қилишича, бир нафар ўқитувчи ва саккиз нафар бола ҳам жабрланган бўлиб, улар шифохонага ётқизилган. Қайд этилишича, ҳалок бўлган болаларнинг ёши бешдан 16 ёшгача бўлган, уларнинг аксарияти тўққиз ёшдан кичик бўлган. Қутқарувчилар вайроналарни тозалаш ишларини давом эттирган, чунки қолдиқлар остида яна одамлар бўлиши мумкин эди.

Дастлабки тергов натижаларига кўра, ўқув маркази хусусий турар жойда рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритган. Ҳокимият вакилларининг фикрича, бино қониқарсиз ҳолатда бўлган, томнинг қулашига эса конструкцияларнинг мустаҳкамлиги пастлиги сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Шунингдек ўқинг

Ҳодиса вақтида том устида таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлган. Полиция икки нафар шахсни қўлга олди. Панжоб вилояти ҳокимияти бепарволик, қурилиш меъёрларининг бузилиши ёки қонунчиликнинг бошқа талаблари бузилган-бузилмаганини аниқлаш мақсадида тергов бошлади. Агар айб тасдиқланса, айбдорлар қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди, жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади ҳамда уларга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш бўйича топшириқ берди.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш