Элдор Арипов: Ўзбекистон БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясига қатъий содиқдир

Июль 02, 2026. 14:30 • 3 дақ

77
Элдор Арипов: Ўзбекистон БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясига қатъий содиқдир
Элдор Арипов: Ўзбекистон БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясига қатъий содиқдир

НЬЮ-ЙОРК, 2 июль. /“Дунё” АА/. 29–30 июнь кунлари БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида БМТнинг Терроризмга қарши кураш ҳафталиги доирасида ташкил этилган терроризмга қарши кураш масалалари бўйича тўртинчи юқори даражадаги конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) маълумотига кўра, тадбирнинг бош мавзуси — “Терроризмсиз келажак: аъзо давлатларнинг етакчилиги ва амалий саъй-ҳаракатлари орқали терроризмга қарши курашда кўп томонлама ёндашувларга глобал содиқликни мустаҳкамлаш”дан иборат бўлди.

Тадбирнинг очилиш маросимида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Александр Зуев, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳамда терроризмга қарши курашга ихтисослашган тузилмалар раҳбарлари иштирок этди.

Террорчилик мақсадларида янги технологиялардан фойдаланишга қарши кураш масалаларига бағишланган сессияда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов нутқ сўзлади.

Ўз маърузасида у Ўзбекистоннинг терроризмга қарши кураш соҳасидаги миллий тажрибаси ҳамда ушбу йўналишдаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини тақдим этди. СМТИ директори Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича миллий стратегияси ҳамда Сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегиясининг мазмун-моҳиятини батафсил ёритиб берди.

Шунингдек ўқинг

Хусусан, технологик трансформация жараёнлари ҳамда учувчисиз тизимлар ва сунъий интеллект каби инновациялар террорчилик гуруҳларининг имкониятларини жадал суръатларда кенгайтираётгани таъкидланди. Ушбу технологиялар террорчилик тузилмалари томонидан бузғунчи тарғиботни кенг ёйиш, киберҳужумларни автоматлаштириш ҳамда ёшларни ўз сафларига ёллаш мақсадларида қўлланилмоқда. Мазкур технологияларнинг жорий этилиши террорчиларга операцион харажатларни қисқартириш, шунингдек, рақамли платформалардаги автоматик блоклаш механизмларини самарали четлаб ўтиш имконини бермоқда.

Элдор Арипов таъкидлаганидек, терроризм чегараларни тан олмайдиган рақамли макон шароитида унга қарши курашнинг анъанавий усуллари ўз самарадорлигини йўқотмоқда. Бу эса олдини олишга қаратилган, ўзаро мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.

Шу муносабат билан Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг малакасини ошириш ҳамда уларнинг салоҳиятини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияларига мувофиқ алгоритмларнинг холислигини таъминлаш ва шахсга доир маълумотлар ҳимоясини кафолатлашга қаратилган сунъий интеллект бўйича миллий стандартларни ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда.

Сўзининг якунида Ўзбекистон вакили мамлакатнинг БМТнинг Терроризмга қарши кураш бўйича глобал стратегиясига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаб, халқаро ҳамжамиятни ХХИ аср инновациялари вайронкорликка эмас, балки тинчлик ва хавфсизликка хизмат қилиши йўлида саъй-ҳаракатлар ҳамда ресурсларни бирлаштиришга чақирди.

БМТнинг Терроризмга қарши кураш ҳафталиги аъзо давлатлар, БМТ тизими тузилмалари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, шунингдек, экспертлар ҳамжамиятини замонавий таҳдидларни муҳокама қилиш ҳамда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида бирлаштирувчи энг нуфузли халқаро майдонлардан бири ҳисобланади. Жорий йилда мазкур тадбир 26 июндан 2 июлга қадар бўлиб ўтмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш