Эрон ва Ўмон Ҳўрмуз бўғозини бошқаришнинг янги механизмини муҳокама қилмоқда

Июль 03, 2026. 15:30 • 3 дақ

85
Эрон ва Ўмон Ҳўрмуз бўғозини бошқаришнинг янги механизмини муҳокама қилмоқда
“The New York Times” газетаси сурати

ТЕҲРОН­–МАСКАТ, 3 июль. /“Дунё” АА/. Эрон ва Ўмон АҚШга Ҳўрмуз бўғозини биргаликда бошқариш механизмини таклиф қилди, унга кўра, хизмат кўрсатиш учун маъмурий йиғимлар жорий этилиши кўзда тутилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“NBC News” телеканали манбаларига кўра, таклиф ўтган ой АҚШ ва Эрон ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумига асосланган. Ҳужжатда қайд этилишича, дастлабки 60 кун давомида кемалар Ҳўрмуз бўғозидан тўсиқсиз ва хавфсиз ўта олади. Шундан сўнг, бошқарув тартибини Эрон ва Ўмон Кўрфаздаги бошқа давлатлар билан биргаликда белгилаши керак.

Ўмон ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидийнинг маълум қилишича, Маскат кемаларнинг ўтиши учун мажбурий тўловларни қўллаб-қувватламайди, фақат бошқа халқаро бўғозлардаги каби ихтиёрий молиялаштиришга рухсат этилади.

Оқ уй Ҳўрмуз бўғози халқаро сув йўли экани ва ундан мажбурий йиғимлар олиниши мумкин эмаслигини маълум қилди. “Президент Дональд Трамп Эроннинг Ҳўрмуз бўғозидан ўтиш учун ҳақ ололмаслигини аниқ айтган”, деди Оқ уй матбуот котибининг биринчи ўринбосари Анна Келли. Давлат котиби Марко Рубио ҳам халқаро ҳуқуқ глобал денгиз йўналишларида бундай тарифларга йўл қўймаслигини таъкидлади.

Музокаралардан хабардор манбаларнинг айтишича, Ўмон ҳали расмий таклиф киритмаган ва америкалик музокарачиларда хавотирлар мавжуд, гарчи масала Маскат билан техник даражада ҳал этилиши мумкин бўлса-да.

“NBC News”нинг Яқин Шарқдаги манбаси Эрон божлар оширилишини талаб қилаётгани ва АҚШ тўлов вариантига рози бўлиши мумкинлигини тахмин қилаётганини баён қилди. Унинг сўзларига кўра, йиғимлар Халқаро денгиз ташкилоти орқали ундирилиши, маблағлар эса Эрон ва Ўмон ўртасида тақсимланиши мумкин.

Қайд этилишича, маблағлар Малакка бўғози моделига ўхшаб экологик баҳолаш, қутқарув операциялари ва навигацияни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши мумкин. Ўмон эса бўғозга хизмат кўрсатишни кўп йиллардан буён тўловларсиз молиялаштириб келмоқда.

Шунингдек, манбада “Эҳтимол, ҳозир қандайдир йиғимлар ундириш учун қулай вақт келгандир”, деб қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар Эроннинг марҳум олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий билан видолашув маросимлари ўтказилгач давом эттирилади.

Эрон Қуролли Кучлари “Хотам ал-Анбиё” марказий штаби қўмондони, генерал-майор Али Абдуллоҳий АҚШ ва Исроилни давлат дафн маросими вақтида Эронга қарши ҳар қандай ҳужумдан огоҳлантирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш