Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган резолюция парламентлар, ҳукуматлар ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Август 14, 2026. 14:00 • 2 дақ

99
Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган резолюция парламентлар, ҳукуматлар ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

НЬЮ-ЙОРК, 14 август. /“Дунё” АА/. БМТ Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциянинг қабул қилинишига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, мазкур ҳужжат миллий парламентларнинг ижтимоий тараққиётни таъминлаш, ижтимоий адолатни қарор топтириш ва Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)ни амалга ошириш жараёнини кенгайтиришга қаратилган.

Бу ҳужжат БМТ Бош Ассамблеясининг парламент иштироки ва БРМга оид аввалги резолюцияларига таянган ҳолда ишлаб чиқилган. Резолюцияда 2030 йилгача бўлган давр учун барқарор ривожланиш кун тартиби, ижтимоий ривожланиш бўйича Копенгаген декларацияси алоҳида белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, 2025 йилда ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи бутунжаҳон саммитида қабул қилинган Доҳа сиёсий декларациясида ифодасини топган мажбуриятлар баён этилган.

Материалда қайд этилишича, БМТнинг мазкур резолюциясида қашшоқликка барҳам бериш, барча учун тўлиқ ва самарали бандлик, муносиб меҳнатни таъминлаш ҳамда ижтимоий интеграцияни рағбатлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу мақсадларга эришиш учун ҳамкорликни кенгайтириш, миллий институтларни шакллантириш ва уларнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш лозим.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, ҳужжатда Ижтимоий ривожланиш бўйича комиссиянинг соҳадаги глобал мажбуриятлари, жумладан, Доҳа саммити натижаларини амалга оширишни таъминлашдаги роли ифодаланган.

Резолюция парламентларни БРМга эришишга қаратилган миллий стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнларида янада фаол иштирок этишга чақиради. Аёлларнинг парламентлар фаолиятида, хусусан, раҳбарлик лавозимларида тўлиқ иштирокини таъминлашга ҳам урғу берилган.

Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган мазкур резолюция парламентлар, ҳукуматлар ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш орқали демократик бошқарувни ривожлантириш, ижтимоий ривожланиш соҳасидаги глобал мажбуриятларни амалга оширишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш