“Diplomacy Journal”: Ўзбекистон ва АҚШ транспорт-логистика йўналишида шерикликни кенгайтирмоқда

Август 12, 2026. 14:37 • 2 дақ

74
“Diplomacy Journal”: Ўзбекистон ва АҚШ транспорт-логистика йўналишида шерикликни кенгайтирмоқда

СЕУЛ, 12 август. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг “Diplomacy Journal” журналида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида транспорт-логистика йўналишидаги ҳамкорликка бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада икки давлат ўртасида авиация, транспорт инфратузилмаси, рақамли технологиялар, молия ва халқаро транспорт коридорлари соҳаларида ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётгани қайд этилган. Бу жараён 2025 йил сентябрь ойида АҚШ компаниялари билан ўтказилган музокаралар натижасида қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ бўлган лойиҳалар портфели шакллангани билан ҳам изоҳланган.

Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида авиация соҳасига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, “Uzbekistan Airways” томонидан “Boeing” компаниясидан 22 та “Boeing 787-9 Dreamliner” самолётига буюртма берилгани, Тошкентда янги халқаро аэропорт қурилиши режалаштирилаётгани мамлакатнинг йўловчи ва юк ташиш имкониятларини кенгайтириши таъкидланган.

Материалда савдо жараёнларини соддалаштириш ва логистика харажатларини камайтириш масалалари ҳам тилга олинган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши божхона ва савдо тартиб-таомилларини енгиллаштириш, халқаро логистика самарадорлигини ошириш учун муҳим омил сифатида баҳоланган.

Шунингдек ўқинг

Бу жараён икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг ўсиши билан ҳам уйғунлашмоқда. Нашр маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2024 йилдаги 882 миллион доллардан 2025 йилда 1 миллиард доллардан ошган. Мамлакатда айни пайтда 340 га яқин АҚШ компанияси фаолият юритмоқда.

Мақолада икки томонлама ҳамкорлик ҳамда минтақавий транспорт алоқаларини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилган. Жумладан, “C5+1” формати доирасидаги шериклик Марказий Осиё транспорт коридорларини ривожлантириш ва минтақанинг транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилаётгани қайд этилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани ва 2030 йилга қадар ушбу мақсадларга 12 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирилиши таъкидланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш