“OCA Magazine”: Британияда ўзбек миллий курашига қизиқиш ортиб бормоқда

Август 12, 2026. 10:00 • 2 дақ

119
“OCA Magazine”: Британияда ўзбек миллий курашига қизиқиш ортиб бормоқда

ЛОНДОН, 12 август. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг “OCA Magazine” журналида ўзбек миллий кураши ривожи ҳамда унинг халқаро ареналардаги нуфузига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақола муаллифи, Британия кураш ассоциацияси бош котиби Пол Сойернинг таъкидлашича, ўзбек кураши 1998 йилда халқаро майдонда дебют қилди. 2012 йилга келиб, Халқаро кураш ассоциацияси 100 га яқин аъзо давлатни, жумладан, Буюк Британияни ҳам бирлаштирди.

1999 йилда ташкил этилган Британия кураш ассоциацияси шундан буён халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб келмоқда. Мамлакатда ушбу спорт тури бўйича турли мусобақалар ҳам ташкил этиб келинмоқда.

Хусусан, 2012 йилда Борнмут шаҳрида кураш бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилди. Мазкур мусобақа нафақат йирик халқаро спорт тадбири, балки Британия ўқувчилари учун ўзига хос таълим лойиҳасига ҳам айланган.

Шунингдек ўқинг

Мақолада ёзилишича, Британияда кураш мусобақаларини ўтказишда мактаб ўқувчиларининг иштирокига алоҳида эътибор қаратилади. Беллашувларда кўплаб ўқувчи кўнгилли сифатида, таржимон ва ташкилотчиларга ёрдамчи сифатида иштирок этади. Улар мусобақа логотипи ва талисманини яратиш, очилиш маросимига тайёргарлик кўриш ҳамда маданий тадбирларни ўтказишда фаол қатнашади.

Ташкил этиладиган кураш мусобақаларида иштирокчиларга Ўзбекистон тарихи, маданияти ва анъаналари билан яқиндан танишиш имконияти яратилади.

Нашрда қайд этилишича, кураш бўйича халқаро мусобақалар ёшларда етакчилик қобилияти, тил ва ташкилий кўникмалар ҳамда ўзига бўлган ишончни ривожлантиришга хизмат қилади. Бундай тадбирлар маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон маданиятини Буюк Британияда кенг тарғиб этишга кўмаклашади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш