Тошкентда “Zakovat-Gambit” шахмат турнирининг финал баҳслари бўлиб ўтди
Октябрь 30, 2026. 19:50 • 2 дақ
• 64ТОШКЕНТ, 30 октябрь. /“Дунё” АА/. Бугун пойтахтимиздаги “Zakovat Arena”да V “Zakovat-Gambit” шахмат турнирининг ҳал қилувчи финал беллашувлари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бу йил рекорд даражадаги — 5831 нафар иштирокчини бирлаштирган мусобақа бешинчи бор ташкил этилди. Турнирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ҳаваскор ва профессионал шахматчилар ғолиблик учун куч синашди.
Мусобақанинг саралаш босқичи илк бор ҳудудий ва онлайн шаклда ташкил этилиб, иштирокчилар учун қўшимча имкониятлар яратилди. Финал баҳсларида мамлакатимизнинг етакчи шахматчилари — Жаҳонгир Воҳидов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Ҳумоюн Бегмуротов, Афруза Ҳамдамова каби терма жамоамиз аъзолари ҳам иштирок этди.
Турнирнинг умумий соврин жамғармаси 620 миллион сўмни ташкил этди. Ҳар бир гуруҳда биринчи ўрин соҳиби учун 50 миллион, иккинчи ўрин учун 30 миллион, учинчи ўрин учун 20 миллион сўм ажратилди. Шу билан бирга, аёл шахматчилар ўртасида энг яхши натижа кўрсатган иштирокчи учун 20 миллион сўмдан, энг ёш ва энг ёши катта иштирокчилар учун эса 10 миллион сўмдан махсус мукофот белгиланди.
Мусобақанинг фахрий меҳмонлари — венгриялик гроссмейстер Петер Леко ва ҳиндистонлик гроссмейстер Ҳампи Конеру иштирокида ёш шахматчилар учун мастер-класслар ўтказилди.
Икки кун давом этган финал беллашувлари якунида турнирнинг барча гуруҳлари ғолиблари аниқланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

