Эрон кескин можаро фонида Қувайтдаги Америка базасига жавоб зарбаси берди
Июнь 01, 2026. 14:25 • 2 дақ
• 4
ВАШИНГТОН–ТЕҲРОН, 1 июнь. /“Дунё” АА/. АҚШ дам олиш кунлари Эроннинг ҳарбий объектларига зарба берганини эълон қилди, ўз навбатида Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) бугун Американинг ҳарбий базасига жавоб ҳужуми уюштирганини билдирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.
Зарбалар алмашинуви янада барқарорроқ келишувга эришиш бўйича давом этаётган музокаралар фонида юз берди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълумотларига кўра, зарбалар Форс кўрфази соҳилидаги объектларга “Эроннинг тажовузкор ҳаракатлари, жумладан, халқаро сувларда ҳаракатланаётган Американинг МҚ-1 учувчисиз аппаратининг уриб туширилиши”га жавобан берилган. Қўмондонлик АҚШ сулҳ шароитида ўз кучлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда давом этишини таъкидлади.
Бунга жавобан ИИПК АҚШ авиабазасига ҳужум қилганини, бироқ унинг жойлашувига аниқлик киритмаганини маълум қилди. “KUNA” агентлигининг хабар беришича, йирик Америка базаси жойлашган Кувайтда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ракеталар ва дронларни тутиб олган, мамлакат бўйлаб эса огоҳлантириш сиреналари янграган. Тафсилотлар ошкор қилинмади.
28 февраль куни АҚШ ва Исроил иштирокида бошланган можаро асосан Эрон ва Ливанда минглаб қурбонларга олиб келди ҳамда Ҳўрмуз бўғозидаги чекловлар туфайли нефть нархининг ошишига сабаб бўлди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп ижтимоий тармоқларда Эроннинг “келишув тузишга ҳақиққатан ҳам хоҳиши борлигини” айтиб, музокаралар ҳақидаги салбий изоҳлари учун Эрон томонини танқид қилди. “Шунчаки бемалол жойлашиб, хотиржам бўлинг, охир-оқибат ҳаммаси яхши бўлади – доим шундай бўлган!” – деб ёзди у.
Исроилнинг Ливанда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши олиб бораётган уруши кескинликнинг қўшимча бир омили бўлиб қолмоқда. Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу кеча ушбу гуруҳга қарши ҳарбий ҳаракатлар доирасида қўшинларга Ливан ичкарисига чуқурроқ кириб боришни буюрганини маълум қилди.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио Ливан Президенти Жозеф Аун ва Исроил Бош вазири билан Исроил ва Ливан ўртасидаги дипломатик жараён юзасидан музокаралар ўтказди. Америка расмийсининг сўзларига кўра, “вазиятни босқичма-босқич юмшатиш” схемаси таклиф қилинган.
“Al Jazeera” телеканали сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

АҚШ давлат котиби: Вашингтон Украинадаги можарони тугатиш учун қўлидан келган барча ишни қилишга тайёр



