Мадриддан муносабат: Ўзбекистон Евроосиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги архитектурасини шакллантиришда фаол ҳаракат қилмоқда
Июнь 01, 2026. 12:55 • 3 дақ
• 30
МАДРИД, 1 июнь. /“Дунё” АА/. Испаниядаги Умум-Европа иттифоқи президенти, профессор Карлос Уриарте Санчес “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 29 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этиши юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Назаримда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги нутқи бугунги кунда айнан Ўзбекистон Марказий Евроосиёда прагматик, замонавий ва келажакка йўналтирилган кун тартибининг асосий ташаббускорларидан бири эканининг ёрқин тасдиғи бўлди.
Айниқса, Шавкат Мирзиёев умумий дипломатик баёнотлар билан чекланиб қолмай, ЕОИИ билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ тасаввур ва ёндашувларни тақдим этгани муҳим аҳамиятга эга. Унинг нутқида рақамлаштириш, саноат кооперацияси, технологик янгиланиш ва бутун минтақа учун янги иқтисодий имкониятлар яратишга асосланган стратегик ёндашув яққол кўзга ташланади.
Ўзбекистон етакчиси ягона рақамли маконни шакллантириш, “ақлли” транспорт-божхона коридорларини ривожлантириш, электрон тижоратни қўллаб-қувватлаш ва замонавий логистика ечимларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратгани диққатга сазовордир. Бу Ўзбекистон бугуннинг ўзидаёқ келажак иқтисодиёти мезонлари билан фикр юритаётганини ҳамда минтақада рақамли трансформациянинг муҳим марказларидан бирига айланишга интилаётганини кўрсатади.
Ўзбекистонда саноат кооперацияси бўйича қўшма Лойиҳа офисини ташкил этиш ташаббуси ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Бундай ёндашув Шавкат Мирзиёевнинг инвестицияларни жалб қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга қаратилган амалий ва очиқ иқтисодий сиёсатини акс эттиради.
Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг саноатни “яшил” трансформация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш ва тоза технологияларни жорий этиш масалаларини кун тартибига олиб чиқиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу Тошкент барқарор тараққиётни мавҳум халқаро кун тартиби сифатида эмас, балки миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишнинг амалий воситаси сифатида кўраётганини англатади.
Ўзбекистон давлат раҳбарининг Марказий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган изчил сиёсати ҳам алоҳида қайд этишга арзийди. Яқин йилларгача минтақа юқори даражадаги ёпиқлик ва чекланган ҳамкорлик шароитида бўлган бўлса, бугунги кунда Ўзбекистон ташаббуслари туфайли ишонч, очиқлик ва иқтисодий шерикликнинг мутлақо янги муҳити шаклланмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев яна бир бор декларатив шиорлар эмас, балки минтақавий ривожланишнинг аниқ механизмларини таклиф эта оладиган лидер эканини намоён қилди. Унинг Остонадаги чиқиши Ўзбекистон Евроосиё жараёнларида шунчаки иштирок этиш эмас, балки Евроосиё маконида иқтисодий ҳамкорликнинг янги архитектурасини шакллантиришда фаол ва конструктив роль ўйнашга интилаётганини кўрсатди.
Ишончим комилки, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар минтақавий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва умуман Марказий Осиёнинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Будапештдан муносабат: Ўзбекистоннинг ЕОИИдаги иштироки Марказий Осиёда стратегик ҳамкорликни янада кенгайтиради



