Logo

“Islamabad Post” газетаси: Ўзбек ёшларининг кўзида орзу-умид ва келажакка ишонч бор

Февраль 06, 2026. 09:55 • 3 дақ

45
“Islamabad Post” газетаси: Ўзбек ёшларининг кўзида орзу-умид ва келажакка ишонч бор

ИСЛОМОБОД, 6 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Islamabad Post” газетасида “Келажакка сармоя: Ўзбекистон ёшлари миллий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Газетада таъкидланишича, ҳар қандай мамлакатнинг келажаги унинг ёшлар салоҳиятига боғлиқ. Дунёда аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этган давлатлар кам. Ўзбекистон ҳам дунёда энг ёш аҳолига эга мамлакатлардан биридир.

Ўзбекистонда ҳар йили миллионга яқин ёшлар мактабни тугатиб, янги умид ва ғоялар билан ҳаётга қадам қўймоқда. Мамлакат ушбу улкан салоҳиятни миллий тараққиётнинг қудратли ҳаракатлантирувчи омилига айлантириш йўлидан изчил одимламоқда.

Муаллифнинг ёзишича, Ўзбекистонда давлат бюджети йил сайин ёшлар ривожига катта ҳажмда йўналтирилмоқда. Бу борада таълим ва спорт давлат сиёсатида устувор аҳамият касб этмоқда.

“Бу сиёсат ўзбек спортчиларининг, айниқса футбол, енгил атлетика, шахмат, кураш ва бошқа кўплаб йўналишларда халқаро миқёсда тан олинишига хизмат қилди. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор ФИФА Жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Бу эса Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар учун ҳалигача энг катта орзу бўлиб қолмоқда”, – дейилади мақолада.

Давлат сиёсатида алоҳида аҳамият берилган яна бир муҳим йўналиш – сунъий интеллект асрида рақамлаштириш ва технологик инновацияларни ривожлантиришдир.

Таъкидланишича, Ўзбекистон таълим ислоҳотлари учун ажратиладиган йиллик бюджетни изчил равишда ошириб бормоқда. Замонавий лабораториялар, юқори технологияли компьютерлар ва тезкор интернет билан таъминланган мактаб инфратузилмасини модернизация қилиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Иқтисодий жиҳатдан самарали ва ижтимоий масъулиятли авлодни шакллантириш мақсадида таълимнинг барча босқичларини қамраб олган янги таълим архитектураси яратилмоқда. У мактаб, коллеж ва университетларни ягона таълим экотизимига бирлаштиради.

“Ўзбекистоннинг янгиланган ёшларга оид давлат сиёсати доирасида талабалар ва ёшлар стартаплар ҳамда тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этилмоқда. Стартап лойиҳалари учун фоизсиз кредитлар ажратилмоқда. Шунингдек, назарияни амалиёт билан уйғунлаштириш мақсадида талабалар учун ҳақ тўланадиган амалиёт имкониятлари яратилган. Дарс машғулотларидан ташқари, талабалар тегишли корхоналарда амалиёт ўтаб, амалий билим ва кўникмаларга эга бўлишмоқда”, – дейилади манбада.

Таълимдан ташқари, спорт ва маданиятни ривожлантириш ҳам давлат томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда. Китобхонлик ҳамда илмий-тадқиқот маданияти турли усуллар орқали рағбатлантирилмоқда. Ўзбекистонда маҳалла институти ёшлар тарбиясида муҳим ўрин тутади. Ёшлар ушбу тизим орқали ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва ватанпарварлик ғоялари асосида тарбияланмоқда.

“Ўзбекистонга тез-тез ташриф буюрувчи инсон сифатида мен ўзбек ёшларининг кўзларида орзу, умид ва ёруғ келажакка интилишни шахсан кўрганман, – деб ёзади муаллиф. – Эътиборимни тортган яна бир жиҳат – бу Ўзбекистон ёшларининг катталарга “Ассалому алайкум” дея мурожаат қилиши бўлди. Бу самимий муносабат буюк ўзбек меҳмондўстлигининг ёрқин намунасидир. Ёшлар ва таълимга сармоя киритиш – бу харажат эмас, балки миллий хавфсизлик, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорликка қаратилган энг ишончли инвестициядир. Ёшларини яхши тарбиялаган ва сифатли таълим берган мамлакат келажакдан қўрқмайди – у келажакни ўзи яратади”.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш