Logo

Ўзбек ҳунармандлари Ҳиндистондаги «Surajkund Mela-2026» халқаро ҳунармандчилик ярмаркасида фаол иштирок этмоқда

Февраль 06, 2026. 09:28 • 2 дақ

55
Ўзбек ҳунармандлари Ҳиндистондаги «Surajkund Mela-2026» халқаро ҳунармандчилик ярмаркасида фаол иштирок этмоқда

ДЕҲЛИ, 6 февраль. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг Ҳарьяна штатида бўлиб ўтаётган «Surajkund Mela-2026» йирик халқаро фестиваль-ярмаркада ўзбек ҳунармандлари яна бир бор ўзларининг ёрқин иштироки билан диққат марказида бўлмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ушбу йирик тадбир ҳақли равишда халқ амалий санъати ва маданий меросининг дунёдаги энг йирик кўргазмаси ҳисобланади.

Жорий йилги ярмарка «Маҳаллийдан глобал босқичга» шиори остида 50 дан ортиқ мамлакатни бирлаштирди. Ушбу концепциядан кўзланган мақсад маҳаллий усталарнинг анъанавий санъатини халқаро миқёсда эътироф этиш ва уларнинг меросини глобал бозорга интеграция қилишдан иборат.

Мазкур мавзу ўзбек ҳунармандларининг фаолияти билан ҳамоҳангдир. Ярмарка ноёб анъанавий санъатимизни минтақавий доирадан жаҳон майдонига олиб чиқиш ва унга халқаро мақом беришга хизмат қилади.

«Surajkund Mela» ҳунармандчиликнинг жонли энциклопедияси бўлиб, унинг доирасида тўқимачилик, кулолчилик, ўймакорлик, заргарлик ва амалий санъатнинг бошқа йўналишларига тааллуқли беқиёс бойлик ҳамда хилма-хиллик намойиш этилмоқда. Савдо расталари ва кўргазмалардан ташқари, тадбир дастурига турли мамлакатларнинг фольклор ансамбллари ҳамда мусиқа ва рақс жамоаларининг чиқишлари киритилган.

Ўзбекистон кўп йиллардан буён ярмарканинг фаол иштирокчиларидан бири саналади. Мамлакатимиз павильонлари ҳар доим энг кўп ташриф буюриладиган масканлардан бўлиб, минглаб одамларни ўзига жалб қилади.

- «Surajkund Mela» ярмаркасида ҳар йили қатнашамиз, - дейди миллий каштачи ҳунарманд Нилуфар Мусажонова. – Ҳиндистон аҳолиси, ярмарка иштирокчилари ва меҳмонлари каштачилик намуналари, қўғирчоқлар, сумкалар ва бошқа миллий маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдиради. Шу боис мен ҳамкасбларимни ушбу ярмаркада фаол иштирок этишга чақираман.

Ўзбек ҳунармандлари томонидан яратилган сўзана, кулолчилик буюмлари, дўппилар, заргарлик безаклари ва бошқа маҳсулотларга бўлган қизиқиш асло сусайгани йўқ. Бу миллий меросимизнинг юқори сифати ва бадиий қийматидан далолат беради.

«Surajkund Mela»да иштирок этиш ушбу йўналишда қўлга киритилаётган ютуқларни кенг халқаро аудиторияга намойиш этиш учун қулай имкониятдир. Ярмарка доирасида маданиятлар мулоқоти, шунингдек, дунёнинг турли бурчакларидан келган ҳамкасблар билан тўғридан-тўғри тажриба ва технология алмашинуви амалга оширилмоқда.

- Биз ушбу ярмаркага бир йил давомида тайёргарлик кўрамиз, - дейди марғилонлик ҳунарманд Ҳасанбой Ҳожиматов. – Бу ерга бутун дунёдан ҳамкасбларимиз келади, биз улар билан дўстлашамиз, тажриба алмашамиз. Беқасам камзулларимиз ва бошқа маҳсулотларимизга қизиқиш билдириб, турли давлат вакиллари павильонимизни қидириб келишади.

Ушбу халқаро тадбир тўғридан-тўғри шериклик алоқаларини ўрнатишга, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар бозорларига экспорт ҳажмини кенгайтиришга хизмат қилади, шунингдек, хорижлик сайёҳларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини оширади.

«Surajkund Mela» каби глобал форумда иштирок этиш нафақат Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлайди, балки ўзбек амалий санъатининг халқаро майдондаги юксак мақомини яна бир бор тасдиқлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш