Logo

Ўзбекистон ва Испания ўртасида виза тартибини соддалаштириш ва меҳнат миграцияси масалалари муҳокама қилинди

Январ 30, 2026. 11:48 • 54 сония

140
Ўзбекистон ва Испания ўртасида виза тартибини соддалаштириш ва меҳнат миграцияси масалалари муҳокама қилинди

ТОШКЕНТ, 30 январь. /“Дунё” АА/. Ташқи ишлар вазирлигида Испаниянинг Ўзбекистондаги элчихонаси (қароргоҳи Москва шаҳрида) муваққат ишлар вакили Мария Асуньсон Санчес Руис билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти хабарига кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан миграция оқимларини диверсификация қилиш ва Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда. Испания бу борада истиқболли йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда.

Музокаралар чоғида томонлар долзарб консуллик масалаларини, виза тартиб-таомилларини соддалаштириш ва меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашув доирасида Испания томонига Ҳаракатчанлик ва миграция тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолаш, Ўзбекистондан меҳнат мигрантларини қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларига жалб қилиш бўйича тажриба лойиҳасини ишга тушириш борасида фикр-мулоҳаза алмашилди. Шунингдек, Ўзбекистонни Испанияда ишга жойлаштириш учун хорижий ишчиларни ташкиллаштирилган ёллаш тизимига (GECCO) киритиш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Испания тегишли идоралари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик ва мувофиқлаштиришни чуқурлаштиришга тайёр эканини билдирди. Келгусидаги ҳамкорлик, шу жумладан, миграция соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари тасдиқланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш