Италия ОАВда Ўзбекистон Президентининг Жанубий Кореяга давлат ташрифи ва “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммити кенг ёритилмоқда
Сентябрь 16, 2026. 15:30 • 3 дақ
• 65РИМ, 16 сентябрь. /“Дунё” АА/. Италиянинг етакчи “Notizie Geopolitiche” ва “Agenparl.eu” нашрларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи ҳамда “Марказий Осиё – Корея Республикаси” биринчи саммитидаги иштирокига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрларда таъкидланишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13 сентябрь куни Президент Ли Чжэ Мённинг таклифига биноан Тошкент ва Сеул ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда “Марказий Осиё – Корея Республикаси” биринчи саммитида иштирок этиш мақсадида Корея Республикасига давлат ташриф буюрди. Бу Президентнинг 2017 ва 2021 йиллардаги ташрифларидан кейинги Сеулга учинчи давлат ташрифидир.
Италия ОАВ ташрифнинг юқори савияда ташкил этилгани ва унинг бой дастурига алоҳида тўхталган. Мақолаларда қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон Биринчи хоними Сеул авиабазасида фахрий қоровул ва артиллерия салюти билан кутиб олинди.
Италия нашрларида ёзилишича, Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ли Чжэ Мён ўртасида ўтказилган музокаралар алоҳида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилди.
Мақолаларда томонлар умумий қиймати қарийб 12 миллиард доллар бўлган қўшма лойиҳаларнинг инвестиция портфелини келишиб олганликлари ҳамда Корея Экспорт-импорт банки билан янги стратегик шериклик дастурини қабул қилганликлари таъкидланади.
Музокаралар якунида транспорт, авиация, қишлоқ хўжалиги, туризм, сунъий интеллект, таълим, тиббиёт маҳсулотларини тартибга солиш, экология ва архив иши соҳаларида қатор битимлар имзоланди.
Эришилган келишувлар орасида Италия нашрлари 2024 йилда Ўзбекистонда “Korea Train Express” технологиясини жорий этиш бўйича имзоланган 196 миллион долларлик битимни ҳамда Урганч аэропортини модернизация қилиш учун “Incheon International Airport Corporation” билан тузилган 223 миллион долларлик шартномани алоҳида эътироф этган.
Италия ОАВ мақолаларида Ўзбекистон Президентининг Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган ўзбек диаспораси вакиллари билан учрашувига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Қайд этилишича, диаспора сўнгги йилларда сезиларли даражада кенгайган. Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 2024 йилда Кореяда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари сони 95 минг кишига яқинлашган.
Мақолаларда, шунингдек, Ўзбекистон Президенти ташрифининг минтақавий аҳамияти қайд этилган. Ташриф доирасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон етакчилари иштирокида Сеулда “Марказий Осиё – Корея Республикаси” биринчи саммити бўлиб ўтди.
Италия нашрлари маълумотига кўра, Корея Президенти Ли Чжэ Мён ушбу учрашувни давлат раҳбарлари даражасидаги кўп томонлама формат орқали Жанубий Корея ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам деб атади.
Саммит кун тартибининг марказида савдо, инвестициялар, инфратузилма ва рақамли трансформация масалалари турди. Учрашув якунлари бўйича Корея Республикаси ва Марказий Осиёнинг беш давлати ўртасидаги келажакдаги ҳамкорлик устуворликларини белгилаб берувчи Сеул декларацияси қабул қилиниши таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

