Анқарадан муносабат: Ўзбекистон–Сербия муносабатлари Европа йўналишида янги имкониятлар очмоқда

Сентябрь 10, 2026. 12:00 • 3 дақ

16
Анқарадан муносабат: Ўзбекистон–Сербия муносабатлари Европа йўналишида янги имкониятлар очмоқда

АНҚАРА, 10 сентябрь. /“Дунё” АА/. Туркия Стратегик тадқиқотлар ва ривожланиш маркази бошқарув раиси Юнус Эмре Канат “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 7–8 сентябрь кунлари Сербияга расмий ташрифи бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Белградга расмий ташрифи Марказий Осиёнинг марказида жойлашган, денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга бўлмаган Ўзбекистон учун Европа бозорига йўналишлардан бири ҳисобланади.

Фикримча, айнан Сербия йўналишига ҳам ушбу кенг кўламли стратегия мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб назар ташлаш керак. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Европа йўналишини сезиларли даражада фаолллаштирди. 

2025 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи ўзаро муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқди. Апрель ойида Самарқандда Европа Иттифоқи раҳбарияти ва минтақа мамлакатлари етакчилари иштирокида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити бўлиб ўтди ва унинг якунлари бўйича муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Октябрь ойида Ўзбекистон Президенти Брюсселга ташриф буюриб, Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. 2026 йил апрель ойида Чехия Бош вазири Андрей Бабиш Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Шунингдек ўқинг

Бундай ташрифлар ва ўрнатилган шериклик муносабатлари Тошкентнинг Европа билан алоқалари тобора тизимли ва амалий тус олаётганини кўрсатади.

Ўйлайманки, Белград нафақат мустақил шерик, балки Марказий Осиё ва Жануби-Шарқий Европа бозорларини боғловчи ҳалқа сифатида ҳам аҳамиятлидир. Саноат кооперацияси, инвестициялар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва IT бўйича музокараларни сиёсий яқинлашувни иқтисодий йўналиш билан тўлдиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар сифатида қабул қилиш мумкин.

Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали ўтувчи Ўрта йўлак аста-секин Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги муҳим боғламани шакллантирмоқда. Бу тизимда Болқон ярим ороли Тошкент иқтисодий географиясини кенгайтиришнинг навбатдаги йўналиши бўлиши мумкин. Шу боис, Сербия Ўзбекистон Ғарб транспорт-иқтисодий архитектурасининг яна бир бўғинидир.

Меҳнат мобиллиги ва таълим ҳам катта истиқболга эга. Ўзбекистон фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш бўйича аллақачон салмоқли тажриба тўплаган. Сербия билан таълим, фан ва маданият соҳасидаги битим эса академик алоқаларни кенгайтириш учун замин яратади.

Мен ҳозирги босқични “Сиёсат илк қадамни қўйиб бўлди, энди навбат иқтисодиётга”, дея таърифлаган бўлардим. Энг муҳими, Ўзбекистон Европа Иттифоқи, хусусан, Туркия ва Сербия мамлакатлари билан бир-бирини тўлдирувчи алоқалар тармоғини босқичма-босқич барпо этмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш