Исроил АҚШга Қуддусда элчихона қуриш учун ер майдонини 1 долларга берди

Июль 02, 2026. 15:30 • 2 дақ

30
Исроил АҚШга Қуддусда элчихона қуриш учун ер майдонини 1 долларга берди
“AP” агентлиги сурати

ҚУДДУС, 2 июль. /“Дунё” АА/. Исроил ва Қўшма Штатлар Қуддусда АҚШ элчихонасининг доимий мажмуасини қуриш учун ер участкаси ажратиш тўғрисидаги битимни имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “The Times of Israel” онлайн нашрига таяниб.

Имзолаш маросимида Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар, АҚШ элчиси Майк Ҳакаби ва Қуддус мэри Моше Лион иштирок этди.

АҚШ элчисининг сўзларига кўра, янги участка Вашингтоннинг Қуддусдаги мавқеини кенгайтирадиган ва мустаҳкамлайдиган элчихонанинг бўлажак доимий мажмуаси қуриладиган жой бўлади.

Исроил ТИВ раҳбари Гидеон Саар келишувни “Исроил ва АҚШ ўртасидаги бузилмас иттифоқнинг яна бир муҳим босқичи” деб атади ҳамда “Исроил Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги энг муҳим стратегик активи” эканини таъкидлади.

Исроил идораси баёнотига кўра, АҚШ рамзий 1 доллар эвазига 99 йиллик узоқ муддатли ижара шартлари асосида ер участкасини олади. Элчихонанинг доимий биносини қуриш режаси 2019 йилда маъқулланган, 2021 йилда эса Қуддус мэрияси томонидан тасдиқланган. Участка шаҳар жанубидаги Алленби мажмуаси деб аталадиган ҳудудда жойлашган.

Шунингдек ўқинг

Ҳозирда Американинг Исроилдаги элчихонаси Қуддусдаги собиқ АҚШ консуллиги биносида фаолият юритмоқда. У 2017 йилда АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан шаҳар Исроил пойтахти деб тан олингач ва 2018 йилда дипломатик миссия Тель-Авивдан кўчирилгач, элчихонага айлантирилган. Бу қарор халқаро миқёсда кенг танқидларга сабаб бўлган ва ҳамон дипломатик келишмовчиликлар предмети бўлиб қолмоқда.

Хусусан, “Adalah” инсон ҳуқуқлари ташкилоти янги элчихона учун ажратилган ер участкаси илгари фаластинлик оилаларга тегишли бўлгани ва Исроилнинг бедарак йўқолган шахслар мулки тўғрисидаги қонунига мувофиқ мусодара қилинганини маълум қилди.

БМТ ҳам Шарқий Қуддусни 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудининг бир қисми деб ҳисоблайди ва шаҳарнинг моҳияти ёки ҳуқуқий мақомини ўзгартиришга қаратилган ҳар қандай чоралар халқаро ҳуқуққа кўра юридик кучга эга эмаслигини қайд этади.

Шу муносабат билан дунёнинг аксарият мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўз элчихоналарини ҳамон Тель-Авивда сақлаб қолмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш