Қатар Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий амалиётда иштирок этиши ҳақидаги хабарларни рад этди

Июль 17, 2026. 18:30 • 2 дақ

40
Қатар Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий амалиётда иштирок этиши ҳақидаги хабарларни рад этди
“Reuters” агентлиги сурати

ДОҲА, 17 июль. /“Дунё” АА/. Қатар Исроил оммавий ахборот воситаларининг Доҳа гўёки Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга рози бўлгани ҳақидаги хабарларини қатъиян рад этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Ал Jazeera”га таяниб.

Қатар Халқаро медиа-офиси баёнотида айтилишича, бу даъволар Қатарни можарога тортишга, унинг воситачиликдаги муҳим ролини заифлаштиришга ҳамда минтақани янада кескинлик ва тартибсизликка ундашга уринаётган шахслар томонидан тарқатилмоқда.

Доҳанинг маълум қилишича, АҚШ ва Эрон ўртасидаги можаро бошланганидан буён Қатар қўшни давлатларга қарши ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаган ва иштирок этмайди, деб бир неча бор баёнот берган.

“Қатар барча томонларнинг манфаатларини инобатга оладиган кенг қамровли ва барқарор келишувга эришиш учун минтақавий ва халқаро ҳамкорлар билан келишилган ҳолда воситачилик ролини бажаришда давом этади”, – дейилади баёнотда.

Айни пайтда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ва унинг покистонлик ҳамкасби Исҳоқ Дар Шанхайдаги учрашув чоғида жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ҳамда Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларни тезроқ қайта тиклаш тарафдори эканини билдирди.

“Томонлар можаро иштирокчиларини душманлик ҳаракатларини зудлик билан бас қилишга, қийинчиликларни енгишга, тўсиқларни бартараф этишга, алоқа ва мулоқотни қайта тиклашга, музокаралар йўли билан кенг қамровли тинчлик битими тузишга интилишга чақирди”, – дейилади Хитой ТИВ баёнотида.

Аввалроқ, Эрон ва АҚШ Покистон воситачилигида можарони тўхтатиш ҳамда узоқ муддатли тинчлик битимига эришишга қаратилган ўзаро англашув меморандумини имзолаган эди. Бироқ сўнгги кунларда томонлар ўзаро зарбалар алмашган Ҳормуз бўғози атрофидаги вазият фонида кескинлик яна кучайди.

Деэскалация бўйича дипломатик чақириқларга қарамай, АҚШ ва Эрон ўртасида зарбалар алмашинуви давом этмоқда. Вашингтон Эроннинг инфратузилма объектлари ва портларига зарба бермоқда, Теҳрон эса қўшни давлатлардаги, жумладан, Қатардаги Америка ҳарбий объектларига ҳужум қилмоқда.

Эрон томони маълумотларига кўра, 22 июндан буён АҚШнинг мамлакат ҳудудига берган зарбалари оқибатида 38 киши ҳалок бўлган, 400 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Можаро Ироқ Курдистонига ҳам таъсир кўрсатди. Курд манбаларига кўра, бугун Сулаймония шаҳрида уюштирилган зарба натижасида курд қуролли мухолиф гуруҳининг саккиз нафар аъзоси ҳалок бўлган. Курд кучлари вакиллари ҳужумда Эронни айблаган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш