Кувайт барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш учун сиёсий мулоқотни фаоллаштиришга чақирмоқда
Июнь 07, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 72
АЛ-КУВАЙТ, 7 июнь. /“Дунё” АА/. Кувайтнинг ривожланиш ва барқарорлик масалалари бўйича давлат вазири Рим Ғози ал-Фулайж Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигига бағишланган Иккинчи Термиз мулоқотининг ялпи мажлисида иштирок этди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири Кувайтнинг “Times Kuwait” газетасига таяниб.
Вазир онлайн шаклдаги ўз нутқида минтақавий интеграциянинг аҳамияти ҳамда минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Унинг қайд этишича, савдо, транспорт, логистика ва энергетика соҳаларидаги шерикликни мустаҳкамлаш минтақавий барқарорлик ва умумий фаровонликни таъминлашга хизмат қилади.
Рим Ғози ал-Фулайжнинг сўзларига кўра, Кувайт “ақлли” инфратузилмага сармоя киритиш, озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини мустаҳкамлаш, таъминот занжирларини такомиллаштириш, шунингдек, “яшил” иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратмоқда.
Кувайт давлат вазири барқарорликни нафақат иқтисодий ўсишни, балки табиий ресурсларни асраш ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашни ўз ичига олган яхлит ёндашув сифатида қараш лозимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, у умумий муаммоларга биргаликда ечим излаш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида давлатлараро сиёсий мулоқотни давом эттириш, тажриба алмашиш ҳамда стратегик шерикликни мустаҳкамлашга чақирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси