Ўзбекистон туризм бренди Бенилюкс мамлакатлари бозорида тарғиб қилинмоқда
Июнь 06, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 54БРЮССЕЛЬ, 6 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонасида мамлакатимиз туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда етакчи туроператорлар, авиакомпаниялар, Европанинг туризм йўналишида фаолият юритувчи ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси Ғайрат Фозилов бугунги кунда мамлакатимиз бой маданий-тарихий мероси, замонавий ислоҳотлар ва ривожланаётган инфратузилмаси туфайли Марказий Осиёдаги энг жадал ривожланаётган сайёҳлик йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади.
Шунингдек, тадбир жараёнида Ўзбекистон, Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутувчи “Turkish Airlines” авиакомпанияси билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларга авиакомпаниянинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларига амалга оширилаётган парвозлари ҳақида маълумот берилди.
Тақдимотда сўзга чиққан Брюссель Пресс-клуби раҳбари, Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги туризм бўйича элчиси Антонио Бускардини Ўзбекистонни Буюк Ипак йўлининг бой мероси, юқори даражадаги хавфсизлик, меҳмондўстлик анъаналари, ривожланган инфратузилма ва кенгайиб бораётган халқаро транспорт алоқаларини уйғунлаштирган замонавий ва жозибадор сайёҳлик йўналиши сифатида эътироф этди.
Тадбир доирасида туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш, меҳмонхоналар фондини кенгайтириш ҳамда туризмнинг гастрономик, экологик, этнографик ва MICE туризм каби янги йўналишларини илгари суриш режалари тақдим этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


