“London Post”: Ўзбекистон–Афғонистон савдо-иқтисодий алоқалари тобора кенгаймоқда

Июль 07, 2026. 11:30 • 3 дақ

58
“London Post”: Ўзбекистон–Афғонистон савдо-иқтисодий алоқалари тобора кенгаймоқда

ЛОНДОН, 7 июль. /“Дунё” АА/. Британиянинг оммабоп “London Post” ахборот порталида “Янги медиа” таълим маркази директори Беруний Алимовнинг “Ўзбекистон ва Афғонистон: савдо – минтақавий барқарорликнинг асоси” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Материалда сўнгги йилларда Ўзбекистон ўзининг иқтисодий салоҳиятини фаол ошириб, Марказий Осиёнинг энг жадал ривожланаётган бозорларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаётгани ҳақида сўз юритилган. Мамлакатимизнинг янги ривожланиш стратегиясида ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш ва минтақавий интеграцияни чуқурлаштиришга алоҳида аҳамият берилаётгани таъкидланган.

Афғонистон Ўзбекистон бизнеси учун энг тез ривожланаётган ташқи бозорлардан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Сўнгги пайтларда савдо-иқтисодий ҳамкорлик барқарор ижобий динамикани намоён этмоқда.

“Чегараолди савдосининг ривожланиши нафақат минтақавий иқтисодиётни мустаҳкамлайди, балки Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва бошқа минтақалар бозорларига чиқиш учун барқарор платформа яратади”, дея урғуланган мақолада.

Муаллиф 2024 йилда очилган “Термиз” халқаро савдо маркази Ўзбекистон–Афғонистон чегарасида қулай бизнес муҳитини яратиш, логистика имкониятларини кенгайтириш, савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини эътироф этган.

Шунингдек ўқинг

“Сиёсий иқтисодиёт нуқтаи назаридан, ушбу ҳудуднинг ташкил этилиши Афғонистон билан институционал савдо ҳамкорлигини кенгайтириш, норасмий савдо каналларига қарамликни камайтириш, Ўзбекистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий транзит маркази сифатидаги ролини мустаҳкамлаш каби бир нечта стратегик мақсадларни кўзлайди”, деб ёзилган мақолада.

Ўзбекистон учун мазкур лойиҳа мамлакатнинг минтақавий логистика ва савдо маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди. Айниқса, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, тўқимачилик, фармацевтика каби соҳалардаги ишлаб чиқарувчилар учун экспорт имкониятлари кенгаймоқда. Товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши бизнес даромадларининг кўпайишига, кичик ва ўрта тадбиркорликнинг ривожланишига, янги иш ўринларининг яратилишига хизмат қилмоқда.

“London Post” Термиз бугунги кунда аста-секин ҳудудлараро савдонинг муҳим майдонига айланаётганига эътибор қаратган. Товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши, ишбилармонлик алоқаларининг фаоллашуви ва инфратузилманинг ривожланиши ушбу йўналишнинг юқори салоҳиятини намоён этмоқда. Мавжуд муаммоларга қарамай, лойиҳанинг стратегик аҳамияти юқорилигича қолмоқда.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг тобора кенгайиши, давлатлар ўртасидаги ишончнинг мустаҳкамланиши минтақа ривожланишига асос бўлмоқда. Истиқболда “Термиз” халқаро савдо маркази Марказий Осиёни Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва жаҳон бозорлари билан боғлайдиган транспорт-савдо йўлаклари тизимининг муҳим қисмига айланиши мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш