Энди Бёрнем Буюк Британия Лейбористлар партиясининг янги етакчиси этиб сайланди

Июль 17, 2026. 20:00 • 2 дақ

91
Энди Бёрнем Буюк Британия Лейбористлар партиясининг янги етакчиси этиб сайланди
 “Reuters” агентлиги сурати

ЛОНДОН, 17 июль. /“Дунё” АА/. Энди Бёрнем номзоди Жамоалар палатасидаги 403 нафар лейборист депутатдан 379 нафарининг қўллаб-қувватлаши натижасида Буюк Британия Лейбористлар партиясининг янги етакчиси деб эълон қилинди, дея хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “BBC”га таяниб.

20 июль куни Энди Бёрнем қирол Чарлз III томонидан расман тасдиқланганидан сўнг Кир Стармер ўрнига мамлакат бош вазири лавозимини эгаллаши кутилмоқда.

Партиянинг навбатдан ташқари қурилтойида сўзга чиққан лейбористларнинг янги етакчиси маҳаллий жамоаларни қўллаб-қувватлаш ва фуқаролар манфаати йўлида иқтисодиётни ривожлантириш учун шароит яратишга қаратилган янги сиёсий йўналиш зарурлигини маълум қилди.

Партия раҳбари ўз нутқида бундай кенг қўллаб-қувватлов учун ҳамкасбларига миннатдорлик билдирди.

“Биз бирдаммиз ва бу бирдамлик қувватини сиёсат яна умид бағишлашини узоқ вақт кутган одамлар ва шаҳарлар хизматига йўналтирамиз. Биз уларга бу умидни қайтарамиз”, – деди лейбористларнинг янги етакчиси.

У илгари уч марта Катта Манчестер мэри этиб сайланган ва бунинг учун “Шимол қироли” лақабини олган. Унинг бу лавозимдаги устувор вазифалари орасида жамоат транспортини ривожлантириш, арзон уй-жой ва соғлиқни сақлаш масалалари бор эди.

Июнь ойи охирида у партия етакчилиги ва бош вазир лавозими учун курашда иштирок этиш учун Жамоалар палатасига қайтди. Мейкерфильд сайлов округидаги қўшимча сайловларда у “Reform UK” партияси номзодини мағлуб этди.

Энди Бёрнем ўз қарашларини социалистик йўналишда, иқтисодиёт манфаатларига мос равишда шакллантириши кўзда тутилмоқда. У Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишига қарши чиққан, аввалроқ ҳукуматнинг COVID-19 пандемияси давридаги ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва сиёсат бўйича қарорларини танқид қилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш