Тошкент ва Шри-Ланка ўртасида илк тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди
Октябрь 30, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 130МАТТАЛА, 30 октябрь. /“Дунё” АА/. “Centrum Air” авиакомпанияси Тошкент ва Шри-Ланканинг Маттала шаҳри ўртасида илк тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиб, Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё билан транспорт алоқаларини янада кенгайтирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
28 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 17:30 да Маттала Ражапакса халқаро аэропортида илк парвоз билан 160 нафар йўловчи кутиб олинди. Йўналиш очилиши муносабати билан халқаро авиация тартиб-таомилларига мувофиқ, биринчи парвоз сув аркаси орқали кутиб олиниб, расмий маросим ташкил этилди.
Авиақатновнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчихонаси ҳамда “Centrum Air” авиакомпаниясининг Шри-Ланкадаги тегишли ташкилотлар билан олиб борган музокаралари самараси бўлди.
Мезбон томон вакиллари “Тошкент–Маттала–Тошкент” тўғридан-тўғри йўналиши очилгани учун миннатдорлик билдирди.
Янги ҳаво йўналиши икки давлат ўртасидаги транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш, савдо, инвестиция ва туризм имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, бу авиақатнов Шри-Ланка ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида Ўзбекистон орқали янада қулай авиақатновни таъминлайди.
“Тошкент–Маттала–Тошкент” йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиақатновлар 2027 йил март ойи охирига қадар ҳафтасига икки марта – чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



