Туркия ОАВ: Ўзбек тили — бутун туркий дунёнинг умумий бойлиги
Октябрь 30, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 127
АНҚАРА, 30 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси Анқара университетининг тил, тарих ва география факультети билан ҳамкорликда Ўзбек тили байрамига бағишланган тадбир ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир Туркиянинг етакчи оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Хусусан, “Haberler”, “24 Saat Gazetesi”, “Son Dakika”, “TRT Avaz”, “Ankara Masası”, “Habername”, “Türkinform”, “Ticari Hayat”, “Ülke TV” каби қатор нашрлар тегишли мақолаларни эълон қилди. Шунингдек, Анқара университети ректори Неждет Унувар ўзининг “X” ижтимоий тармоқдаги саҳифасида махсус пост қолдирди.
Мақолаларда ўзбек тилининг туркий дунё учун умуммаданий аҳамияти ҳамда ушбу тадбирнинг Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммити арафасида ўтказилгани рамзий маънога эга экани алоҳида таъкидланган.
Анжуманда ўзбек тилининг тарихи ва тараққиёти, туркий халқларнинг тил ва маданий алоқалари ҳамда ўзбек тилини Туркияда оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Неждет Унувар Ўзбекистонга қилган сўнгги сафари ҳақида гапириб, тилларимизнинг ўта яқинлигини урғулади ва ўзбек тили ёқимли мусиқа каби жаранглашини қайд этди. У келтирган тадқиқот маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари Туркияда уч ҳафта ичида турк тилини тахминан 70 фоиз тушуна бошлайди. У туркиялик ёшларни ўзбек тилини ўрганишга ва Ўзбекистонга ташриф буюришга чақирди.
Илмий сессияда профессорлар Айнур Ўз Ўзжан, Зайнабиддин Абдирашидов, Гулсум Килли Йилмаз ва доцент Жон Тезич маъруза қилдилар. Улар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг тил борасидаги қарашлари, ўзбек тилининг таълим ва фан тили сифатидаги ўрни, шунингдек, Алишер Навоий ижодининг туркий дунё учун аҳамиятини ёритиб бердилар. Шу билан бирга, Ўзбекистонда давлат тили мақомини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Кеча шеърхонлик, скрипка ва доира садолари остидаги ўзбек ҳамда қорақалпоқ қўшиқлари билан якунланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси