Апарнаа Соманатан: Болаларга ажратилган сармоя – мамлакат келажагига киритилган инвестициядир

Октябрь 22, 2026. 17:30 • 2 дақ

• 114
Апарнаа Соманатан: Болаларга ажратилган сармоя – мамлакат келажагига киритилган инвестициядир

САМАРҚАНД, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасида инсон капиталини ривожлантириш бўйича минтақавий амалиёт директори Апарнаа Соманатан “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида болалар фаровонлигига инвестиция киритишнинг аҳамияти ва Ўзбекистонда эришилаётган натижалар ҳақида фикр билдирди:

– Аввало, барча иштирокчилар ва Ўзбекистон ҳукуматига бизни ушбу муҳим анжуманда бирлаштиргани учун миннатдорлик билдираман. Саммитнинг аҳамияти шундаки, у сиёсатчилар ва экспертларни оддий, аммо ниҳоятда муҳим ғоя атрофида жипслаштиради. Болаларга ажратилган сармоя – мамлакат келажагига киритилган инвестициядир.

Ўзбекистонда бугун туғилган бола вояга етганида ўз салоҳиятининг тахминан 60 фоизини рўёбга чиқариши мумкин. Соғлиқни сақлаш, тўғри овқатланиш, таълим ва бошқа муҳим йўналишларга мақсадли сармоя киритиш орқали 2050 йилга бориб ушбу кўрсаткични яна 6 фоизга ошириш имконияти мавжуд.

Ўзбекистон бу борадаги имкониятларни аллақачон намоён этмоқда. Сўнгги бир неча йил давомида эрта ёшдаги таълим билан қамров сезиларли даражада кенгайди, болалар ўлими кўрсаткичлари эса пасайди. Бу эришилган натижалар келгусида янада сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратади.

Эндиги муҳим вазифа – болалар ҳаётининг илк босқичлариданоқ зарур билим ва кўникмаларни шакллантириш, уларнинг соғлом овқатланиши ва саломатлигини таъминлашдир. Бу келажакда ўз салоҳиятини тўлиқ намоён эта оладиган, меҳнат бозорида самарали фаолият юритадиган ва мамлакат тараққиётига ҳисса қўшадиган авлодни тарбиялашга хизмат қилади.

Жаҳон банки Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа мамлакатларнинг таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий сиёсат соҳаларидаги асосий ҳамкорларидан бири бўлиб келмоқда. Биз болаларнинг тўлақонли ривожланиши ва келажакда иқтисодий ўсишга муносиб ҳисса қўшиши учун ушбу йўналишлардаги ҳамкорлигимизни давом эттирамиз.

Президент нутқида илгари сурилган ғоялар кўп йиллик илмий тадқиқотлар ва халқаро тажриба билан тасдиқланган ва муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, бола ҳаётининг илк йилларида унинг ривожланишига сармоя киритиш муҳимлигини алоҳида таъкидлашни истардим.

Бугун болалар учун яратилган имкониятлар эртанги куннинг иқтисодий салоҳияти, ижтимоий барқарорлиги ва жамият фаровонлигини белгилайди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда болалар фаровонлигига қаратилган ташаббуслар ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга интилиш катта аҳамиятга эга.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш