“The Japan Foundation” халқаро ташкилоти Тошкент давлат аграр университетига япон тили бўйича ўқув қўлланмаларини совға қилди
Ноябрь 05, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 2
ТОКИО, 5 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Япониянинг “The Japan Foundation” халқаро маданий ҳамкорлик ташкилоти томонидан Тошкент давлат аграр университети учун грант асосида ажратилган ўқув адабиётларини расмий топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тошкент давлат аграр университети учун ажратилган кўмак доирасида япон тилини ўрганишга мўлжалланган 11 турдаги жами 167 дона дарслик ва ўқув қўлланмаси тақдим этилди.
Учрашув доирасида Хиромичи Отомо ташкилотнинг Ўзбекистон билан таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини алоҳида таъкидлади.
“Ташкилотимиз дунёнинг турли мамлакатларида япон тилини ўрганаётганларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиб келади. Тошкент давлат аграр университетидан ўқув адабиётларини харид қилиш учун грант ажратиш бўйича мурожаат келиб тушганидан сўнг, университетга мазкур дарсликларни тақдим этишга қарор қилдик. Ушбу китоблардан фойдаланиш орқали талабалар Япония ҳақида янада кўпроқ билимга эга бўлишлари ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга ҳисса қўшишларига умид қиламиз”, — деди Хиромичи Отомо.
Унинг қайд этишича, ташкилот келгусида Ўзбекистондаги бошқа япон тили таълими муассасаларининг ҳам дарсликларга бўлган эҳтиёжини қўллаб-қувватлаш имкониятларига эга. Бунинг учун манфаатдор таълим муассасалари тегишли дастурларда иштирок этиш бўйича ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги таълим ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, япон тилини ўқитиш, олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг олис ҳудудларида япон тили ўқитиладиган таълим муассасаларини дарсликлар ва ўқув материаллари билан таъминлаш, ўзбекистонлик ёш олимлар ва япон тили ўқитувчиларининг ташкилот стипендиялари ҳамда малака ошириш дастурларида иштирокини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш юзасидан фикр алмашилди.
“The Japan Foundation” 1972 йилда ташкил этилган бўлиб, Япониянинг халқаро маданий ҳамкорликни ривожлантиришга ихтисослашган етакчи ташкилоти ҳисобланади. У хорижий мамлакатларда япон тилини ўқитиш, маданий алмашинув, илмий-таълимий лойиҳалар ва халқаро ҳамкорлик ташаббусларини грант асосида қўллаб-қувватлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси