“Kazinform”: Ўзбекистон қурилиш саноати корхоналарини қўллаб-қувватлаш чораларини кўрмоқда

Июль 05, 2026. 12:15 • 2 дақ

14
“Kazinform”: Ўзбекистон қурилиш саноати корхоналарини қўллаб-қувватлаш чораларини кўрмоқда

ОСТОНА, 5 июль. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг “Kazinform” халқаро ахборот агентлигида Ўзбекистонда иқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон ҳукумати қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида зарар кўриб ишлаётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида 50 миллион доллар ажратиши маълум қилинган.

Йирик лойиҳаларни амалга ошираётган инвесторлар томонидан импорт қилинадиган қурилиш материалларини қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилиш ташаббуси илгари сурилган. Ўз навбатида, маҳаллий корхоналар ҳам ушбу лойиҳаларга ўз маҳсулотларини таклиф этишга ва агар ҚҚС бўйича имтиёзлар маҳаллий товарларга ҳам татбиқ этилса, муносиб рақобатдош бўлишга тайёр эканини билдирган.

Шу муносабат билан давлат раҳбари тегишли вазирлик ва идораларга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кўзда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғини берган.

Материалда қайд этилишича, бугунги кунда қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган 457 та корхонанинг қарздорлиги 3,5 триллион сўмга (тахминан 290 миллион АҚШ доллари) етган. Ушбу компаниялар маҳсулотларининг таннархи юқори бўлгани сабабли бозорда харидор топишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Шу сабабли, мутасадди идоралар раҳбарларига мазкур 457 та корхонанинг ҳар бирига бевосита ташриф буюриб, уларни такомиллаштириш дастурини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган. Ажратилаётган 50 миллион доллар миқдоридаги маблағ корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш, харажатларни камайтириш ҳамда бозорда харидоргир бўлган маҳсулотлар турини кўпайтиришга йўналтирилади. 

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш