Москвадан муносабат: Ўзбекистон–Грузия ҳамкорлиги транзит ва логистика имкониятларини янада кенгайтирмоқда

Июль 05, 2026. 09:00 • 2 дақ

4
Москвадан муносабат: Ўзбекистон–Грузия ҳамкорлиги транзит ва логистика имкониятларини янада кенгайтирмоқда

МОСКВА, 5 июль. /“Дунё” АА/. Россия давлат гуманитар университети халқаро муносабатлар кафедраси доценти Юрий Сигов “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2–3 июль кунлари Грузияга амалга оширган давлат ташрифи якунлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Ўзбекистон Президентининг Грузияга давлат ташрифи ушбу Кавказорти республикасини Марказий Осиё мамлакатлари билан янада яқин ҳамкорликка фаол жалб этишнинг мантиқий давоми бўлди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон етакчиси Грузия Президенти ва Бош вазири билан икки томонлама музокаралар ўтказди. Улар Грузия пойтахти Тбилисида буюк ўзбек шоири, мутафаккири ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Музокаралар жараёнида Ўзбекистон–Грузия ўртасидаги ҳамкорликни ҳар жиҳатдан ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Ўзбекистон етакчисининг Грузияга ташрифи муҳим аҳамият касб этди, деб ҳисоблайман. Хусусан, Тошкент ташқи алоқаларини изчил диверсификация қилишга, айниқса, қулай транзит салоҳиятига эга давлатлар билан савдо муносабатларини ривожлантиришга интилмоқда. Бу, республиканинг географик жиҳатдан Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашгани ва ташқи денгизларга бевосита чиқиш имкониятига эга эмаслиги билан ҳам боғлиқ.

Шу маънода, ўз маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш учун транспорт имкониятларини кенгайтириш Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлардаги энг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек ўқинг

АҚШ ва Эрон ўртасида давом этаётган можаро, шунингдек, Тошкентнинг ташқи сиёсатдаги энг муҳим шерикларидан бири ҳисобланган Туркия ва Грузия ўртасидаги яқин икки томонлама муносабатларни инобатга олсак, минтақада кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар шароитида Ўзбекистоннинг Кавказдаги сиёсий иштироки тобора муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Грузия ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Хусусан, Грузиянинг Қора денгиз соҳилидаги портларидан фойдаланиш орқали ўзбек маҳсулотларини денгиз йўли билан Қора денгиз ва Ўрта ер денгизи ҳавзаси мамлакатлари бозорларига етказиб бериш бўйича самарали транспорт-логистика занжирларини шакллантириш мумкин.

Фикримча, мазкур йўналишда Европа давлатлари ҳамда Осиёдаги етакчи шериклар иштирокида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ҳам катта имкониятлар мавжуд.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш