МОХИ: Келгуси ўн йиллик Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорлик даврига айланиши мумкин
Ноябрь 06, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 12
БУДАПЕШТ, 6 ноябрь. /“Дунё” АА/. Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) директори Жавлон Ваҳобов Венгриянинг “Origo” ахборот порталига берган интервьюсида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеи, геосиёсий ўзгаришлар ва минтақа иқтисодий интеграцияси истиқболлари ҳақида сўз юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жавлон Ваҳобовнинг таъкидлашича, кўп қутбли дунё тартибининг шаклланиши Марказий Осиё олдида янги имкониятлар очиш билан бирга, геосиёсий рақобатни кучайтирмоқда, сув танқислиги муаммосини кескинлаштирмоқда ва транспорт боғлиқлигининг аҳамиятини оширмоқда.
Интервьюда Ўзбекистоннинг 2016 йилдан буён яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, баҳсли масалаларни ҳал этиш ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган минтақавий сиёсатига алоҳида эътибор қаратилган. Муҳим ютуқлар қаторида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида 2025 йил март ойида эришилган келишув қайд этилган.
Шу билан бирга, давлатларнинг сиёсий яқинлашуви ҳозирча иқтисодий интеграциядан олдинда бормоқда. Кейинги босқич саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни кенгайтиришдан иборат бўлиши керак. Бунга мисол тариқасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонни бирлаштираётган Қамбарота ГЭС-1 қурилиши қайд этилган.
Институт директори, шунингдек, Марказий Осиёнинг бешта давлатини халқаро ҳамкорлар билан бирлаштирувчи “C5+1” форматларининг роли ошиб бораётганини таъкидлади. Унинг баҳолашича, давлатларнинг мувофиқлаштирилган позицияси минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва унинг жаҳон иқтисодиётидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жавлон Ваҳобов “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши ҳамда Транскаспий халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш минтақанинг Хитой ва Европа бозорларига чиқишини кенгайтирувчи стратегик аҳамият касб этишини урғулади.
Институт раҳбари суҳбат якунида сўнгги ўн йилликдаги Марказий Осиёнинг энг катта ютуғи минтақавий ишончнинг мустаҳкамлангани эканини билдирди. Эндиликда сиёсий яқинлашувни аниқ иқтисодий натижаларга айлантириш, жумладан, минтақавий савдо ҳажмини ҳозирги 12 миллиард доллардан 20 миллиард долларгача ва ундан ҳам ошириш асосий устувор вазифа бўлиши лозимли таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси