Жиззах вилоятининг инвестициявий, экспорт ва туризм салоҳияти халқаро ҳамжамият эътиборида
Ноябрь 06, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 83ЖИЗЗАХ, 6 ноябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Жиззах вилояти ҳокимиятида ҳудуднинг инвестициявий, экспорт ва туризм салоҳиятига бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур учрашув Ўзбекистон Президенти топшириғига мувофиқ, иқтисодий дипломатияни ривожлантириш, ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан амалий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди. Иштирокчилар вилоятнинг иқтисодий имкониятлари, мавжуд салоҳияти ва истиқболли лойиҳалари билан таништирилди.
Учрашувда вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев нутқ сўзлаб, сўнгги йилларда Жиззах вилоятида иқтисодиётнинг турли тармоқларида сезиларли ўсиш кузатилаётганини таъкидлади. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 53 триллион сўмга етган бўлса, ўтган йилда ҳудудга 1,4 миллиард доллар инвестиция жалб қилинди.
2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида ялпи ҳудудий маҳсулот 10 фоизга ўсиб, 1,3 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Экспорт ҳажми 183 миллион долларни ташкил этди.
Вилоятнинг асосий иқтисодий драйверлари қаторида саноат, қишлоқ хўжалиги, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳалари алоҳида ўрин тутади.
Жиззах эркин иқтисодий зонасидаги фаолият, автомобилсозлик, тўқимачилик, электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноатида амалга оширилаётган лойиҳалар ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, вилоятнинг қулай географик жойлашуви, табиий ресурслари, меҳнат салоҳияти ва инфратузилмаси янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратмоқда. Айниқса, туризм ва юқори қўшилган қийматга эга саноат тармоқларини ривожлантириш борасида катта истиқболлар мавжуд.
Давра суҳбати давомида хорижий дипломатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди.
Хусусан, Руминия, Беларусь, Миср, Малайзия, Словакия, Бельгия каби давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари Жиззах вилоятидаги истиқболли лойиҳаларни ўз мамлакатларида тарғиб қилиш, ишбилармон доиралар, инвестиция жамғармалари ва йирик компанияларни ҳудудга жалб этиш юзасидан ҳамкорлик таклифларини илгари сурди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




