Хорижий дипломатлар Жиззах вилоятининг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти билан танишмоқда
Ноябрь 06, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 30ЖИЗЗАХ, 6 ноябрь. /“Дунё” АА/. 6–7 ноябрь кунлари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларининг Жиззах вилоятига ташрифи ташкил этилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад – вилоятнинг иқтисодий, инвестициявий, саноат, экспорт ва туризм салоҳиятини халқаро ҳамжамият вакилларига кенг таништириш, янги ҳамкорлик алоқалари ва инвестициявий лойиҳаларни ривожлантиришдан иборат.
Тадбирда Хитой, Буюк Британия, Турция, Хиндистон, Покистон, Польша, Болгария, Беларусь, Бельгия, Латвия, Малайзия, Миср, Руминия, Словакия, Фаластин, Жазойир, Туркманистон ва бошқа давлатлар элчихоналари ҳамда халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат хорижий меҳмонлар иштирок этмоқда.
Иштирокчилар Жиззах вилоятида тантанали кутиб олинди. Дастур доирасида меҳмонлар Жиззахдаги “Master Building” МЧЖнинг “VERO” бренди остида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхонаси, “BYD Uzbekistan Factory” МЧЖ ҚК, “BMB-NRC agrologistics” МЧЖ ҚК ҳамда “ADM Jizzakh” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишади. Шунингдек, Айдар-Арнасой кўллари ҳудудидаги туризм мажмуасига ташриф буюриши режалаштирилган.
Ташриф давомида Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоевнинг хорижий дипломатик корпус вакиллари билан учрашуви, ҳудуднинг инвестиция, экспорт ва туризм имкониятларига бағишланган тақдимотлар ўтказилади.
Мазкур ташриф Жиззах вилоятининг иқтисодий салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



