Ўзбекистон замонавий юқори технологияли соғлиқни сақлаш инфратузилмасини яратиш бўйича Буюк Британия тажрибасини жалб қилмоқда
Ноябрь 06, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 100
ЛОНДОН, 6 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Буюк Британиянинг “Bupa Group” компаниясининг стратегия ва трансформация бўлими бош директори Даниэл Кейнс билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Даниэл Кейнс “Bupa”нинг халқаро фаолияти, жумладан, тиббий суғурта, шифохоналар ва клиникалар тармоғини бошқариш, шунингдек, стоматология марказлари фаолиятидаги бой тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.
Британия томонига, ўз навбатида, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва тармоққа хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда тиббиёт туризмини ривожлантириш, давлат тиббиёт муассасаларини бошқарувига халқаро операторларни жалб қилиш, шунингдек, хусусий тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш учун мавжуд имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Янги Тошкент шаҳрида замонавий юқори технологик соғлиқни сақлаш инфратузилмасини барпо этиш режалари таъкидланди.
Музокаралар якунида томонлар Ўзбекистонга соғлиқни сақлаш соҳасида Британиянинг илғор тажрибаси ва замонавий бошқарув ечимларини жалб қилиш, шунингдек, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини биргаликда ишлаб чиқиш учун мулоқотни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
“Bupa Group” халқаро соғлиқни сақлаш ва тиббий суғурта соҳасида фаолият юритувчи компаниядир. Унга 1947 йилда асос солинган бўлиб, бош қароргоҳи Лондон шаҳрида жойлашган. Компания дунё бўйлаб 68 миллиондан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатади. У тиббий суғурта хизматларини тақдим этади, клиникалар ва шифохоналар тармоғини бошқаради, шунингдек, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш хизматларини кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси