Ўзбекистон маданият вазири Туркияда халқаро театр мукофотига сазовор бўлди

Октябрь 02, 2026. 13:00 • 2 дақ

• 107
Ўзбекистон маданият вазири Туркияда халқаро театр мукофотига сазовор бўлди

АНТАЛИЯ, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков II Халқаро Ўрта Ер денгизи театр мукофотининг “Туркий дунё маданиятига қўшган ҳиссаси учун” номинацияси бўйича тақдирланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур мукофот Туркиянинг “Tiyatro Gazetesi” нашри ташаббуси билан маданият ва театр санъати соҳасида фаолият юритаётган ижодкорлар, мутахассислар ҳамда соҳа вакилларининг меҳнатини эътироф этиш мақсадида ташкил этилди.

Бу йилги тақдирлаш маросими Анталиянинг Кепез туманида ўтказилиб, унда 8 нафар хорижлик ва 29 нафар туркиялик ижодкор ҳамда соҳа ходими тақдирланди.

Маросимда биринчи бўлиб Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбековнинг номи эълон қилинди. Халқаро мукофотни вазир номидан Ўзбекистоннинг Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ)даги вакили Шавкат Ортиқов қабул қилиб олди ва иштирокчиларга Озодбек Назарбековнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Шунингдек ўқинг

Тадбир доирасида ўтказилган матбуот анжуманида Шавкат Ортиқов Ўзбекистонда Президент раҳбарлигида маданият ва санъат соҳаси, хусусан, театр санъатини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ҳақида маълумот берди. Жорий йил 1 июнь куни соҳа вакиллари билан ўтказилган учрашувдан сўнг мазкур йўналишда янги ташаббуслар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистоннинг туркий дунё мамлакатлари билан маданий-гуманитар ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Хусусан, ТУРКСОЙ доимий кенгаши қарори билан Андижон шаҳрининг 2026 йилда Туркий дунё маданияти пойтахти деб эълон қилингани, ушбу мақом доирасида Андижонда қатор халқаро маданий тадбирлар ўтказилаётгани эътироф этилди.

Туркиялик ташкилотчилар томонидан Ўзбекистон маданият вазирига мазкур халқаро мукофотнинг берилиши мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, театр санъатини ривожлантириш борасидаги ташаббуслар ҳамда Ўзбекистоннинг туркий дунё маданий маконидаги фаол иштирокига бўлган халқаро эътиборни намоён этди.

Тақдирлаш маросими якунида барча ғолиб ва номзодларга мукофотлар тантанали равишда топширилди. Кепез тумани театр жамоаси томонидан тайёрланган театраллаштирилган концерт дастури намойиш этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш