АҚШ Сенати Марказий Осиё мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан махсус резолюция қабул қилди

Октябрь 02, 2026. 11:30 • 3 дақ

• 79
АҚШ Сенати Марказий Осиё мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан махсус резолюция қабул қилди

ВАШИНГТОН, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. АҚШ Сенати томонидан Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан махсус резолюция қабул қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

2026 йил июль ойида АҚШ Сенатига Марказий Осиё давлатлари мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаш ҳамда АҚШнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан тобора ривожланиб бораётган муносабатларининг аҳамиятини эътироф этишга қаратилган 816-сонли резолюция тақдим этилган эди.

Мазкур ҳужжат 119-Конгресснинг 2-сессияси доирасида сенаторлар Дэйнс, Питерс, Кёртис, Маккормик, Мёрфи ва Розен номидан киритилди. Жорий йил сентябрь ойида Сенатнинг Ташқи алоқалар қўмитаси резолюцияни маъқуллади.

Резолюцияда Марказий Осиё давлатларининг 1991 йилда эришган давлат мустақиллиги билан боғлиқ тарихий саналар алоҳида қайд этилган. Хусусан, Қирғизистон 1991 йил 31 августда, Ўзбекистон 1 сентябрда, Тожикистон 9 сентябрда, Туркманистон 27 сентябрда, Қозоғистон эса 16 декабрда ўз давлат мустақиллигини расман эълон қилгани таъкидланган.

Ҳужжатда 1991 йилда Совет Иттифоқининг тугатилгани, шу билан бирга, унинг Марказий Осиё устидан ўрнатган ҳукмронлиги ҳам барҳам топгани қайд этилган.

Резолюцияда АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлари икки томонлама ҳамда “C5+1” каби кўп томонлама форматлар доирасида изчил ривожланиб бораётгани таъкидланган. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон трансмиллий таҳдидлар, жумладан, терроризм, товарларнинг ноқонуний айланмаси ва минтақавий беқарорликка қарши курашда муҳим ҳамкорлар сифатида қайд этилган.

Резолюцияда Марказий Осиё ва Кавказнинг Шарқ ва Ғарбни боғловчи, жаҳон савдоси, энергетика хавфсизлиги ва рақамли ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга хизмат қилувчи ҳаётий муҳим геосиёсий кўприк эканига урғу берилган. Хусусан, “Ўрта коридор” каби транспорт ва савдо йўлакларининг аҳамияти алоҳида тилга олинган.

Ҳужжатда Марказий Осиё давлатларида давом этаётган давлат бошқаруви ислоҳотлари, коррупцияга қарши кураш ташаббуслари ва иқтисодий модернизация уларнинг узоқ муддатли барқарорлиги ҳамда институционал мустақиллигини мустаҳкамлаётгани қайд этилган.

АҚШ Марказий Осиёда барқарор ва мустақил иқтисодий экотизимларни шакллантиришга кўмаклашишга интилаётгани ҳам резолюцияда ўз аксини топган. Бундай ёндашув бозорларга кириш имкониятларини кенгайтириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва таъминот занжирлари хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадларига хизмат қилиши таъкидланган.

Резолюцияда АҚШ ва Марказий Осиё халқлари ўртасида таълим, маданият ва касбий соҳалардаги алмашинувлар ҳам тобора чуқурлашиб бораётгани қайд этилган. Бундай алоқалар ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва биргаликдаги фаровонликка ҳисса қўшаётгани таъкидланган.

Резолюцияга мувофиқ, АҚШ Сенати:

Марказий Осиё давлатларини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклайди;

АҚШнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан муносабатларининг стратегик аҳамиятини тасдиқлайди;

барча давлатларнинг ташқи сиёсати, хавфсизликни таъминлаш механизмлари ва иқтисодий иттифоқларини ташқи мажбурловсиз мустақил равишда белгилашга бўлган ажралмас ҳуқуқини тўлиқ қўллаб-қувватлайди;

Марказий Осиё давлатларининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги Евроосиёда тинчлик, хавфсизлик ва кучлар мувозанатининг асосий шартлари эканини тасдиқлайди.

Шу тариқа, Сенатнинг 816-сонли резолюцияси Марказий Осиё давлатлари мустақиллигининг 35 йиллигини эътироф этиш билан бир қаторда, АҚШ ва минтақа давлатлари ўртасидаги сиёсий, хавфсизлик, иқтисодий, таълимий ва маданий муносабатларнинг аҳамиятини ҳам қайд этади.

Ҳужжатда Марказий Осиё давлатларининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги Евроосиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири сифатида белгиланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш