Япония доимий яшаш гувоҳномасини олиш учун йиғим 20 бараварга оширилди

Октябрь 02, 2026. 11:00 • 3 дақ

• 105
Япония доимий яшаш гувоҳномасини олиш учун йиғим 20 бараварга оширилди

ТОКИО, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. Япония 1 октябрдан бошлаб чет элликларнинг доимий яшаш учун ариза топшириш тўловини 20 бараварга – 200 минг иен ёки тахминан 1270 долларгача оширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “NHK Japan”га таяниб.

Шу билан бирга, расмийлар доимий мақомга даъвогарларга нисбатан талабларни кучайтириб, даромадлар ва пенсия тўловлари бўйича мезонларни белгилади. Унга кўра, келаси йилнинг апрель ойидан бошлаб япон тилини бошланғич даражада билиш талаби қўшилади.

Янги тўловлар кучга киришидан олдин иммиграция идоралари олдида узун навбатлар юзага келди: Токионинг бош идорасида кутиш вақти етти соатдан ошди, чунки аризачилар ҳужжатларни аввалги тарифлар бўйича топширишга ҳаракат қилишди.

Бу ўзгаришлар Япониянинг тез ўсиб бораётган чет элликлар сонини тартибга солишга қаратилган иммиграция сиёсатини кенг кўламда қайта кўриб чиқишнинг бир қисми бўлди.

Июль ойида мамлакат инфляция ва валюта курсларининг ўзгаришини ҳисобга олиш зарурати билан изоҳлаб, хорижликлар учун виза тўловларини 50 йил ичида биринчи марта беш бараварга оширган эди.

Шу билан бирга, Япония демографик қариш ва ишчи кучи етишмовчилигига дуч келмоқда, шу сабабли хорижий ишчиларга тобора кўпроқ қарам бўлиб қолмоқда.

Шунингдек ўқинг

2025 йил охирига келиб мамлакатдаги чет эллик аҳоли сони 4,12 миллиондан ошиб, йил давомида 9,5 фоизга кўпайди ва рекорд даражага етди, бироқ чет эл аҳолисининг кўпайиши жамиятда миграция ва ижтимоий ўзгаришлар ҳақидаги хавотирларнинг кучайиши билан бирга кечмоқда.

Доимий мақомга эга бўлиш учун энди Япониядаги ўртача даражадан паст бўлмаган барқарор даромад талаб қилинади. Июль ойида эълон қилинган сўнгги маълумотларга кўра, 2024 йилда уй хўжаликларининг ўртача йиллик даромади 5,75 миллион иенни ташкил этган.

Пенсия кафолатлари қўшимча шарт бўлади: кутилаётган тўловлар 30 йил давомида ходимларнинг пенсия суғуртаси тизимида бўлган шахснинг даражасига мос келиши керак. Гарчи келажакдаги пенсия миқдори етарли бўлмаса, ариза берувчининг молиявий активлари ҳисобга олиниши мумкин.

Келгуси йилнинг апрель ойидан бошлаб талабгорлар япон тилини бошланғич даражада билишини ҳам тасдиқлаши керак бўлади. Бу тил курсларига ёзилганлар ва япон тилини билиш бўйича имтиҳон топширишни хоҳловчилар сонининг ошишига олиб келди.

Бошқа хорижликлар учун яшаш мақомини ўзгартириш ёки бўлиш муддатини узайтириш нархи ҳам ошди. Илгари ҳар бир бундай жараён 6 минг иенни ташкил этган бўлса, 1 октябрдан бошлаб йиғим уч ойгача бўлган муддат учун 10 минг иендан беш йилдан ортиқ бўлган муддат учун 75 минг иенгача этиб белгиланди.

Молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган инсонлар, шунингдек, қочқин мақомига эга бўлган шахслар учун чегирмалар кўзда тутилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш