Грузияга боришни режалаштираётган ўзбекистонликлар нималарга эътибор бериши керак?

Октябрь 31, 2026. 15:30 • 2 дақ

• 50
Грузияга боришни режалаштираётган ўзбекистонликлар нималарга эътибор бериши керак?

ТБИЛИСИ, 31 октябрь. /“Дунё” АА/. Грузияда 2026 йил 1 январдан буён ушбу давлатга туристик мақсадларда кириб келаётган барча чет эл фуқароларидан суғурта полисига эга бўлиш талаб этилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Грузияга келаётган хорижликлар қоғоз ёки электрон шаклда, грузин ёки инглиз тилида расмийлаштирилган амалдаги тиббий суғурта полиси ҳамда бахтсиз ҳодисалардан суғурталанганлик тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлиши шарт.

Суғурта полиси Грузия ёки хорижий суғурта компанияси томонидан берилиши мумкин. Бунда энг кам суғурта суммаси 30 000 Грузия ларисини (11 154,88 АҚШ долларига тенг) ташкил этиши лозим.

Суғурта полисида шартнома тарафлари, суғурталанган ҳудуд, суғурта объекти, суғурта муддатининг бошланиш ва тугаш саналари, суғурталанган хатарлар, суғурта суммаси миқдори (жавобгарлик лимитлари), суғурта мукофоти миқдори ҳамда уни тўлаш жойи ва шартлари мажбурий равишда кўрсатилиши зарур.

Полис туристнинг Грузия ҳудудида бўлишининг бутун даврини, жумладан, мамлакатга кириш ва ундан чиқиш саналарини ҳам қамраб олиши лозим.

Шунингдек ўқинг

Дипломатик ва махсус виза эгалари; дипломатик, хизмат, расмий ва махсус паспорт эгалари; дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган тузилмаларнинг аккредитациядан ўтган ходимлари, шунингдек, уларнинг аккредитацияга эга бўлган оила аъзолари; Грузияга халқаро шартномалар ва битимларга мувофиқ кириб келаётган шахслар; халқаро автомобиль юк ва йўловчи ташувларини амалга оширувчи ҳайдовчилар мажбурий суғурта полисига эга бўлиш талабидан озод этилган.

“Uzbekistan Airways” авиакомпанияси маълумотига кўра, 2026 йилнинг дастлабки 9 ойида Грузия аэропортларида 711 нафар йўловчининг мамлакатга кириши рад этилган бўлиб, уларнинг 473 нафари Ўзбекистон фуқароларидир.

Киришга рухсат берилмаслигининг асосий сабаблари сафар мақсадини аниқ тушунтириб бера олмаслик, меҳмонхона бронлари ва қайтиш авиачипталари каби тасдиқловчи ҳужжатларнинг йўқлиги, тиббий суғурта полиси мавжуд эмаслиги ҳамда мамлакатда бўлиш учун етарли молиявий маблағ мавжудлигини тасдиқлай олмаслик билан боғлиқ.

Шу муносабат билан, Грузияга сафар қилишни режалаштираётган фуқароларга сафар мақсадини олдиндан аниқ белгилаш, меҳмонхона бронлари, қайтиш авиачипталари, тиббий суғурта полиси ва етарли молиявий маблағ мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тайёрлаб қўйиш тавсия этилади.

Чегара назоратида бериладиган саволларга аниқ, ишончли ва изчил жавоб бериш муҳим аҳамиятга эга.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш