Ўзбекистон тиббиёт тизимини ривожлантиришда хорижда ишлаётган малакали ватандош мутахассисларни жалб этмоқда
Октябрь 16, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 244
ЛОНДОН, 16 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги “Health Invest” ташкилоти Буюк Британияда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари ва олимлар билан онлайн учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқотдан кўзланган асосий мақсад хориждаги малакали ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Уларнинг халқаро тажрибаси ва илмий салоҳиятидан Ўзбекистон тиббиёт тизимини ривожлантиришда фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Тадбирда “Health Invest” вакиллари ташкилотнинг асосий фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берди. Соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, тиббий инфратузилмани ривожлантириш, замонавий хизматларни жорий этиш ва хорижий мутахассислар билан ҳамкорликни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Учрашув иштирокчилари тиббий хизмат сифатини ошириш, илғор диагностика ва даволаш усулларини жорий этиш ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Тиббий хизматларни халқаро стандартлар асосида ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.
Буюк Британияда фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассисларни мамлакатимиздаги замонавий шифохоналар, кўп тармоқли ва ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси