Грузиядаги ватандошларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди

Октябрь 30, 2026. 13:00 • 2 дақ

• 112
Грузиядаги ватандошларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди

ТБИЛИСИ, 30 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Грузиядаги элчихонаси вакиллари Тбилиси ва Батуми шаҳарларидаги ватандошлар билан сайёр консуллик учрашувларини ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Сайёр қабулларда ҳамюртларга фуқаролик, пенсия таъминоти, меҳнат фаолияти, Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаларини расмийлаштириш ва бошқа консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича тушунтиришлар берилди.

Шу билан бирга, хорижда бўлиб турган фуқароларга мезбон давлат қонунчилигига қатъий риоя қилиш, миллий урф-одат ва анъаналарни ҳурмат қилиш ҳамда шахсий масъулиятни ҳис этиш зарурлиги қайд этилди.

Ташриф доирасида Ожаристон Автоном Республикаси Одам савдоси жабрланувчиларига давлат томонидан ғамхўрлик кўрсатиш агентлиги вакиллари билан суҳбат ўтказилди.

Шунингдек ўқинг

Мулоқот жараёнида вояга етмаган ватандошимизни юртимизга қайтариш масаласи муҳокама қилинди. Грузия томони ушбу жараённи ташкил этишда ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Дипломатлар Грузия Ички ишлар вазирлиги Миграция масалалари департаменти Вақтинча сақлаш маркази раҳбарияти билан ўтказган музокаралар чоғида Ўзбекистон фуқароларининг ҳужжатларини тўғрилаш ва уларни ватанга қайтариш масалаларини кўриб чиқди.

Элчихона вакиллари ушбу марказда бўлиб турган ватандошлар билан алоҳида суҳбат ўтказиб, уларнинг тезроқ юртимизга қайтиши учун зарур чораларни кўрмоқда.

Ўзбекистоннинг Грузиядаги элчихонаси (қароргоҳи Боку шаҳрида) хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга консуллик-ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш