Бухоро Марказий Осиёда биринчи бўлиб ЮНЕСКО Ижодий шаҳарлар тармоғи конференциясига мезбонлик қилади

Октябрь 31, 2026. 14:00 • 2 дақ

• 91
Бухоро Марказий Осиёда биринчи бўлиб ЮНЕСКО Ижодий шаҳарлар тармоғи конференциясига мезбонлик қилади
Бухоро Марказий Осиёда биринчи бўлиб ЮНЕСКО Ижодий шаҳарлар тармоғи конференциясига мезбонлик қилади
Бухоро Марказий Осиёда биринчи бўлиб ЮНЕСКО Ижодий шаҳарлар тармоғи конференциясига мезбонлик қилади

ПАРИЖ, 31 октябрь. /“Дунё” АА/. Бухоро шаҳри 2027 йилда ЮНЕСКОнинг Ижодий шаҳарлар тармоғи 19-йиллик конференциясини қабул қилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

ЮНЕСКО расман Ўзбекистоннинг қадимий шаҳрини мазкур муҳим халқаро тадбирни ўтказиш жойи деб эълон қилди. Конференцияни Бухорода ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилишида илгари сурилган эди.

Ушбу қарор Ўзбекистонда маданият, креатив индустриялар ва барқарор шаҳарсозликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг халқаро миқёсда эътироф этилганининг яққол намунасидир. Бухоро Марказий Осиё, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Туркий давлатлар ташкилоти маконида ЮНЕСКОнинг ушбу нуфузли конференциясига мезбонлик қиладиган илк шаҳарга айланади.

Форумнинг асосий мавзулари сифатида ижодий индустрияларни ривожлантириш, маданий меросни асраб-авайлаш ва ундан замонавий шароитда фойдаланиш, ёшлар ҳамда ижодий касб эгаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, маданиятнинг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги ҳиссасини ошириш масалалари белгиланган.

Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг туристик ва маданий салоҳиятини янада кенг тарғиб қилиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда маданият ва креатив иқтисодиёт соҳасига янги ҳамкорлар ва инвестицияларни жалб этиш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Бухоро 1993 йилдан буён ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. 2023 йилда эса шаҳар “Ҳунармандчилик ва халқ ижодиёти” йўналиши бўйича Ижодий шаҳарлар тармоғига қўшилиб, анъанавий ҳунармандчилик ва маданий алмашинувнинг етакчи марказларидан бири эканини яна бир бор тасдиқлади.

2004 йилда ташкил этилган ЮНЕСКО Ижодий шаҳарлар тармоғи дунёнинг 110 дан ортиқ мамлакатидан 408 шаҳарни бирлаштиради. Йиллик конференция тармоқнинг асосий тадбири ҳисобланиб, у аъзо шаҳарлар вакилларини тажриба алмашиш, ижодий индустриялар тараққиётини муҳокама қилиш ва халқаро шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш