Санкт-Петербург халқаро китоб ярмаркасида илк бор Ўзбекистон миллий стенди тақдим этилди
Май 31, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 22САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 31 май. /“Дунё” АА/. Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган XXI Халқаро китоб ярмаркаси доирасида Ўзбекистон миллий стенди илк бор кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ташаббус мамлакатимиз Бош консулхонаси, Болалар контентини ривожлантириш маркази ҳамда “Asian Book House”нашриёти томонидан, шунингдек, Санкт-Петербург ҳукумати кўмагида ҳаётга татбиқ этилди.
Анжуманнинг марказий “А” павильонида, Санкт-Петербург ва Беларусь давлат стендлари ҳамда фестивалнинг фахрий меҳмони бўлган Вьетнам павильони билан ёнма-ён жойлашган Ўзбекистон стендидан юртимиз ижодкорларининг энг сара асарлари ўрин олди.
Фестиваль доирасида “Asian Book House”раҳбари Виктория Гайратова ва Халқаро болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши (IBBY) Ўзбекистон миллий секцияси ижрочи директори Вероника Аҳмедова иштирокида “Ўзбекистон ноширлик тизими: ҳамкорлик учун янги имкониятлар”мавзусида мазмунли тақдимот ўтказилди.
Унда қайд этилишича, Ўзбекистонда хусусий нашриётлар бозори йилига 40 фоизлик барқарор ўсишни намойиш этмоқда ва йиллик китоблар тиражи 12 мингдан зиёд янги асарлар билан бойимоқда. Шунингдек, тадбирда ўзбек муаллифларининг 3 та китоби илк бор “IBBY Honour List 2026” (Халқаро фахрий рўйхат-2026) таркибига киритилгани катта мамнуният билан эълон қилинди.
Ишчи ташриф давомида ўзбек делегацияси А.С.Пушкин номидаги Санкт-Петербург марказий болалар кутубхонаси директори Светлана Королёва билан истиқболли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди, шунингдек, А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети ҳузуридаги Ўзбек маданий марказида ватандош талабалар билан учрашув ўтказди.
Кўргазма якунларига кўра, стендда ўзбек муаллифларининг кўплаб китоблари сотилди, қолган 130 дан ортиқ нодир нашрлар эса келгуси маданий тадбирларда фойдаланиш учун Бош консулхона фондига беғараз топширилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси









