Эрмитажда Бухоро амири саройи санъатига бағишланган кўргазма очилади
Май 27, 2026. 10:55 • 2 дақ
• 167
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 27 май. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 5 июнь куни Эрмитаж музейида 2026 йилги Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида “Сарой хоналарини кашф этиб: Бухоро амири саройидаги санъат” номли кўргазма иш бошлайди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур маданий тадбир Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Эрмитаж музейи билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маълумотига кўра, кўргазмада Бухоро давлат музей-қўриқхонаси, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон давлат амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамда Эрмитаж музейига мансуб бўлган 67 та ноёб музей ашёси тақдим этилади.
Меҳмонлар эътиборига Бухоро амирлигининг бадиий маданияти ва Марказий Осиё сарой ҳаёти анъаналарини атрофлича очиб берувчи нафис безакли амалий санъат асарлари, заргарлик буюмлари ва сарой маиший турмушига оид нодир экспонатлар намойиш этилади.
Халқаро кўргазма 2026 йилнинг 5 июнидан 4 октябрига қадар ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




