Ўзбекистон Президенти раислигида ўтган йиғилишда Андижонда иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг устувор вазифалари белгиланди

Сентябрь 24, 2026. 15:55 • 8 дақ

79
Ўзбекистон Президенти раислигида ўтган йиғилишда Андижонда иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг устувор вазифалари белгиланди

ТОШКЕНТ, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон етакчиси вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларига тўхталиб, жорий йилнинг биринчи ярмида иқтисодиёт 8,8 фоизга ўсганини қайд этди. Саноат, хизматлар ва инвестицияларда ҳам ижобий суръатлар кузатилмоқда. Шу билан бирга, энг муҳим мезон бу кўрсаткичлар ҳар бир оиланинг кундалик ҳаётида қандай акс этаётгани экани таъкидланди.

Андижонда ер ва табиий бойликлар чекланган бўлса-да, ҳаракатчан аҳоли, кучли тадбиркорлик руҳи, кўп сонли ёшлар, шаклланган саноат мактаби ва катта бозор мавжуд. Сўнгги йилларда вилоятга ажратилаётган бюджет маблағлари ва кредит ресурслари сезиларли кўпайди, маҳаллий раҳбарларга кенг ваколатлар берилди. Энди ушбу имкониятларни юқори даромадли иш ўринлари ва аҳоли фаровонлигига айлантириш талаб этилади.

Йиғилишда, аввало, инвестицияларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш масаласи кўриб чиқилди. Саноат ва тадбиркорлик учун ажратилган 1 минг гектар майдонда 7 миллиард доллар инвестиция ҳисобига камида 70 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга, сармояларнинг мамлакатлар ва тармоқлар бўйича таркиби етарлича диверсификация қилинмагани, ахборот технологиялари ва тадқиқот йўналишларига инвестициялар кам жалб этилаётгани таъкидланди. Вилоятда малакали кадрлар ва экспорт имкониятлари мавжуд бўлган соҳаларнинг технологик базасини мустаҳкамлаш зарурлиги билдирилди.

Асакада автомобилсозлик ва машинасозлик бўйича тўпланган тажриба асосида ўз технологияларини яратишга ўтиш вазифаси қўйилди. “Асака муҳандислик водийси”ни ташкил этиб, дастурий маҳсулотлар, электроника, электромеханика ва муҳандислик хизматлари занжирини йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.

Тўқимачиликда ҳам мавжуд қувватлардан юқори самара билан фойдаланиш, хорижлик дизайнер, конструктор ва брендларни жалб этиб, қиймати юқори маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтиш зарур. Инвестиция натижадорлиги ҳар бир квадрат метр майдонда яратилган қўшилган қиймат билан баҳоланиши белгиланди.

Қорақалпоғистон тажрибаси асосида бошқа ҳудудларда ҳам лойиҳалар менежери лавозимлари жорий этилади. Андижондаги менежер вилоятнинг янги инвестиция моделини шакллантиришга масъул бўлади. Туманларнинг саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалиги имкониятлари сунъий интеллект ёрдамида баҳоланиб, юқори самара берадиган йўналишларга сармоя жалб қилиш режаси ишлаб чиқилади.

Йирик корхоналар фаолиятини кенгайтириш ва уларни технологик модернизация қилиш орқали янги иш ўринлари яратиш чоралари кўрилади. Келгуси йил вилоятда камида 10 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаш, 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ аҳолиси даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Улуғнорда пахтадан озуқа экинларига ўтказилган майдонлар ҳамда дала четларидан самарали фойдаланиш орқали чорвачиликни кенгайтириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди. Улуғнор ва Бўстонда йирик чорвачилик комплекслари лойиҳаларини ишлаб чиқиш топширилди.

Балиқчидаги товуқ гўшти етиштириш комплекси тажрибаси асосида Жалақудуқ ва Хўжаободда янги паррандачилик лойиҳалари бошланади. Улуғнорда балиқчилик кластери ташкил этилади.

Жалақудуқ, Марҳамат, Асака ва Андижон туманларидаги адир ерларини иқтисодий айланмага киритиш учун алоҳида “Агростар” компанияси ташкил этилади. Баҳоргача 4-5 минг гектар майдонга сув чиқариб, саноатлашган боғлар барпо этиш бошланади. Боғлар уч йил парваришланиб, аҳолига тайёр ҳолда таклиф қилинади.

Мева-сабзавотчиликда “гектардан – максимал қиймат” тамойилига ўтиш белгиланди. Аҳолига кичик қайта ишлаш ускуналари лизингга берилиб, туман брендларини яратиш рағбатлантирилади. Натижада етиштирилган маҳсулотни қайта ишлаш улушини 30 фоизга, экспортни 500 миллион долларга етказиш имкони бор. Балиқчидаги иссиқхона лойиҳаси тажрибаси республика бўйлаб оммалаштирилади.

Ташқи бозорда пахтага талаб пасайиб, экспортда логистика харажатлари ошиб бораётган шароитда фермерлар, кластерлар ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча кўмак чоралари белгиланди.

Пахтани биржада сотган фермерга ҳам, уни сотиб олган кластерга ҳам ҳар тонна учун 500 минг сўмдан субсидия берилади. Ўз ерида пахта етиштирган кластерлар эса гектарига 1,5 миллион сўмдан субсидия олади. Тайёр маҳсулот экспортчиларининг кредит фоизлари бир қисмини уч йил давомида компенсация қилиш бўйича ҳисоб-китоблар киритиш топширилди. Маркетплейслар орқали сотилган маҳсулот қийматининг бир қисмини қайтариш юзасидан ҳам таклифлар тайёрланади.

Кўп иш ўрни яратаётган саноат корхоналари алоҳида рағбатлантирилади. Камида минг нафар ишчиси бўлган корхоналарда ходимларни ўқитиш, малакасини ошириш ва ишга олиб келиш ҳамда олиб кетиш харажатларининг ярми компенсация қилинади. Камида беш йил ишлаган ходимларга фарзандларининг контракт тўлови қоплаб берилади. Иш ўринлари сони мингтага яқинлашаётган корхоналар учун ҳам грантлар ажратилади.

Саноатдаги янги лойиҳаларни малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида Андижонни Фарғона водийсининг муҳандислик кадрлари марказига айлантириш вазифаси қўйилди. Вилоят олийгоҳлари ва техникумларининг салоҳиятини ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

Андижон техника институти фаолияти трансформация қилинади. Хорижлик менежер ва профессор-ўқитувчилар жалб этилиб, таълим дастурлари янгиланади. Институтда алоҳида дизайнерлик факультети очилиб, дуал таълим асосида саноат корхоналарига бириктирилади.

Ўсиб бораётган саноатни энергия билан таъминлашда вилоятнинг дарё ва каналлари катта захира экани таъкидланди. Андижоннинг гидроэнергетика салоҳияти 200 мегаваттни ташкил этади. Кичик ва микро ГЭСлар қуришга тадбиркорлар қизиқиши юқори, улар учун турбиналар ишлаб чиқариш ҳам вилоятнинг ўзида йўлга қўйилган.

Икки йиллик дастур асосида микро ГЭСларни тайёр ҳолда қуриб, тадбиркорларга лизингга бериш, қулай молиявий механизмларни жорий этиш вазифаси қўйилди.

Аҳолининг замонавий хизматларга ўсиб бораётган талабидан келиб чиқиб, савдо ва сервис учун янги майдонлар яратилади. Давлат ташкилотларини Бобур шаҳрига кўчириш ҳисобига бўшайдиган бинолар ва ерлар шу мақсадга йўналтирилади. Бу қўшимча инвестициялар ва минглаб иш ўринлари учун имконият очади.

Асака, Шаҳрихон, Қўрғонтепа марказлари ва Хонобод шаҳрини ҳам юқори даромадли бизнес ҳудудларига айлантириш белгиланди. Уларнинг бош режалари савдо ва хизматларни ривожлантириш лойиҳаларига мослаштирилади.

Тадбиркорлик имкониятларини кенгайтириш банклар фаолиятига ҳам янгича ёндашувни талаб қилиши таъкидланди. Давлат банклари анъанавий гаров ва бир хил стандарт шартлар билан чекланмасдан, мижозлар бизнесини ўстириш тамойили асосида ишлаши зарур.

Энди реал пул оқими, буюртма ва шартномалар, товар айланмаси ҳамда бизнес занжирига асосланган молиявий маҳсулотлар кенг жорий қилинади. Кичик тадбиркорларнинг йирик буюртмачи билан узоқ муддатли шартномаси кредит гарови сифатида қабул қилинади. 500 миллион сўмгача лойиҳаларни кредитлашда бизнес-режа талаб этилмайди, маблағ пул оқимига қараб ажратилади. Экспортбоп маҳсулот учун хомашё сотиб олиш кредитларида суғурта полисининг ўзи гаров сифатида етарли бўлади.

Солиқ идоралари ҳам тадбиркорларнинг фаолиятини кенгайтириш ва иш ўринларини сақлашга кўмаклашиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Даромади ёки иш ўрни камайган корхоналар муаммоси маҳалланинг ўзида ўрганилади. Солиқ ходими, ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири биргаликда солиқ тўловини кечиктириш, кредит муддатини узайтириш, айланма маблағ, бозор ёки экспортга кўмаклашиш бўйича таклифлар киритади.

Вилоятнинг транспорт ва логистика имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳам вазифалар белгиланди. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли орқали юк оқими ошишини ҳисобга олиб, Қўрғонтепа ва Хонободда 600 миллион долларлик логистика комплекси лойиҳаси бошланади. Қирғизистон билан келишилган “Кесканёр” чегара постини қуриш юк ташиш ҳажмини ошириш ва муддатини қисқартиришга хизмат қилади.

Янги транспорт оқимига мос равишда “Хонобод – Андижон” пулли автомобиль йўлини лойиҳалашга киришилади. Шу ойдан “Тошкент – Андижон” тезюрар поезди йўлга қўйилиб, сафар вақти олти соатдан тўрт соатга қисқаргани қайд этилди. Келгуси йил ушбу йўналишда пулли автомобиль йўлини қуриш бўйича амалий ишлар бошланади.

Аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратиш масалалари муҳокама қилиниб, Бобур шаҳридаги уйларга 25 минг аҳоли кўчиб ўтгани, яна 200 минг кишига мўлжалланган уй-жойлар қурилиши бошлангани таъкидланди.

Янги шаҳарда савдо, бизнес, меҳмонхона, хусусий таълим, тиббиёт ва спорт объектларини барпо этадиган тадбиркорлар қўллаб-қувватланади. Бундай объектларда инвестициянинг қайтиш муддати узоқлигини ҳисобга олиб, ернинг бошланғич нархини уй-жой қурилишига нисбатан икки баробар арзон белгилашга розилик билдирилди.

Андижон шаҳрида янги йўлўтказгичлар қуриш, Асака тумани марказини айланиб ўтувчи кўприкни ишга тушириш режалари белгиланди. Ичимлик сув ва канализация тизимларини янгилаш ҳам давом эттирилади. Хонобод – Андижон магистрал қувурининг иккинчи тармоғи қурилиши бир миллион аҳолининг сув таъминотини яхшилайди. Андижон шаҳрида канализация тармоқлари янгиланиб, Олтинкўлдаги оқова сув тозалаш иншооти қуввати оширилади.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Фарзандини боғчага жойлаштира олмагани учун ишга чиқа олмаётган аёлларга шароит яратиш мақсадида янги оилавий боғчаларни очиш масаласини тезлаштириш топширилди. Вилоятда аёлларни иш билан таъминлаш учун 20 миллион долларлик алоҳида жамғарма ташкил этилади.

Жамоат хавфсизлигини таъминлашда рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш белгиланди. Андижон шаҳри, Шаҳрихон ва Андижон туманлари ички ишлар раҳбарларига рақамлаштириш ҳамда кибержиноятларга қарши курашиш бўйича ўринбосар лавозимлари жорий этилади. Сунъий интеллект ёрдамида ҳуқуқбузарликлар ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чоралари кўрилади. Аҳолининг киберҳужумлардан ҳимояланиш бўйича билимлари оширилади.

Давлатимиз раҳбари маҳаллалар ободлиги ҳар бир инсоннинг меҳнати ва дахлдорлиги билан яратилишини таъкидлади. Келгуси йил Андижонда 100 та маҳаллага “Янги Ўзбекистон қиёфаси”ни олиб кириш режасини тайёрлаш топширилди.

Якунда мутасаддиларнинг ахбороти тингланди, андижонликлар билан мулоқот қилинди.

Шу билан Президентимиз Андижон вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш