Навоий давлат университети ўқитувчилари Хитойда қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича малака оширди
Сентябрь 24, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 17НАНЬНИН, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг Наньнин шаҳрида Навоий давлат университети ўқитувчилари учун бир ҳафталик ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу малака ошириш курслари Ўзбекистоннинг Гуанчжоудаги Бош консулхонаси ҳамда Гуанси-Чжуан автоном ҳудуди қишлоқ хўжалиги департаменти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Машғулотларда иштирокчилар қишлоқ хўжалигида инновацион технологиялардан фойдаланиш, харажатларни оптималлаштириш, уруғчилик ва ҳосилдорликни ошириш, трансчегаравий савдони ривожлантириш каби йўналишлар бўйича назарий ҳамда амалий билимларини оширди.
Хусусан, Гуанси қишлоқ хўжалиги университети, “Maiyue” технологик ҳамда Гуанси замонавий қишлоқ хўжалиги саноат паркларига ташрифлар уюштирилиб, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Ўзбекистонлик мутахассислар “Хитой–АСЕАН қишлоқ хўжалиги ҳамкорлиги ва камбағалликни қисқартириш” мавзусидаги конференцияда ҳам қатнашди. Мазкур тадбир давомида Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишди.
Наньнин шаҳрида бўлиб ўтган “CAEXPO” кўргазмасида Хоразм вилоятининг туризм салоҳияти ва мамлакатимиз ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилди.
Ўқув-амалиёт машғулотлари якунида иштирокчиларга Гуанси қишлоқ хўжалиги департаменти томонидан махсус сертификатлар топширилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



