Балиқчи туманидаги паррандачилик кластерида 10 миллион долларлик янги лойиҳалар амалга оширилади

Сентябрь 23, 2026. 20:35 • 2 дақ

78
Балиқчи туманидаги паррандачилик кластерида 10 миллион долларлик янги лойиҳалар амалга оширилади

ТОШКЕНТ, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида бугун Балиқчи туманидаги “Сокин савдо сервис” паррандачилик кластери фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, парранда гўшти парҳезбоплиги ва ҳамёнбоплиги билан аҳоли рационида муҳим ўрин тутади. Шу боис, мамлакатимизда йирик паррандачилик мажмуаларини ташкил этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва бозорни сифатли маҳсулотлар билан барқарор таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур паррандачилик кластерига 2010 йилда асос солинган. Бугунги кунда унинг Андижон вилоятида 5 та, Наманган вилоятида 3 та хўжалиги мавжуд. Тошкент вилоятидаги корхонада эса паррандалар учун озуқа ишлаб чиқарилади.

Кластерда озуқа тайёрлаш, парранда боқиш, сўйиш, гўштни қайта ишлаш, қадоқлаш ва истеъмолчига етказиб беришни қамраб олган тўлиқ ишлаб чиқариш занжири яратилган. Гўштни қайта ишлаш мажмуаси автоматлаштирилган бўлиб, юқори гигиеник талабларга жавоб беради.

Лойиҳанинг умумий қиймати 29 миллион долларни ташкил этади. Кластерда 417 нафар киши меҳнат қилмоқда.

Айни пайтда мажмуада 1,5 миллион дона бройлер товуғи парваришланмоқда. Йилига 8,2 миллион дона бройлер боқиш ва 20,6 минг тонна парранда гўшти етиштириш имконияти мавжуд.

Шунингдек ўқинг

Мажмуада йилига 55 минг тонна товуқ гўшти ва ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаш қувватлари яратилган. Маҳсулотлар “Ҳалол”, HACCP ва ISO стандартлари асосида ишлаб чиқарилади.

Жорий йил бошидан кластерда наслчилик йўналиши ҳам йўлга қўйилди. Ҳозирда 25 минг дона наслли она товуқ парваришланиб, йилига 9 миллион дона тухумдан 7,6 миллион дона бройлер жўжа олиш режалаштирилган.

2027 йил якунига қадар парранда чиқиндиларини қайта ишлашга мўлжалланган рендеринг линияси ишга туширилади ҳамда парранда боқишда кўп қаватли катак тизими жорий этилади. Ушбу икки лойиҳага 10 миллион доллар йўналтирилади.

Шунингдек, фаолияти тўхтаб қолган ёки молиявий қийинчиликка дуч келган паррандачилик хўжаликларини кластер билан ягона кооперация тизимига бирлаштириш таклиф этилмоқда. Ушбу ташаббус 350-400 та иш ўрнини қайта тиклаш ва қўшимча 1,7 миллион дона парранда етиштириш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарига кластердаги ишлаб чиқариш жараёнлари, тайёр маҳсулотлар ва истиқболда амалга ошириладиган янги лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш