Осиё ўйинларида Ўзбекистон умумий медаллар жадвалида 7-ўринга чиқди
Сентябрь 24, 2026. 15:00 • 3 дақ
• 82АИЧИ-НАГОЯ, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/. Японияда бўлиб ўтаётган Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси вакиллари қатор спорт турларида муносиб натижалар қайд этиб, медаллар сонини тобора оширмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Осиё ўйинларида каноэда эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасидаги 200 метрлик баҳсда Шоҳсанам Шерзодова барча рақибларини ортда қолдириб, Осиё ўйинлари чемпиони бўлди. Шу билан бирга, каноэда 500 метр масофада Артур Гулиев ва Владлен Денисов кумуш, байдаркада 500 метр жуфтлик баҳсида Арина Танатмишева ва Екатерина Шубина бронза медалига эга бўлди.
Академик эшкак эшишда ҳам Ўзбекистон вакиллари қатор совринларни қўлга киритди. Эркаклар ўртасидаги M1x дастурида Шаҳбоз Холмурзаев кумуш медалга сазовор бўлди. M2- баҳсида Меҳрожбек Маматқулов ва Павел Сорин кумуш, Алишер Турдиев ва Максим Голубев эса бронза медални қўлга киритди.
Аёллар ўртасидаги W4- дастурида Анна Аксенова, Мария Сергеева, Райҳона Сатторова ва Айдана Сметуллаевадан иборат жамоа финишга иккинчи бўлиб келди. W1x яккалик баҳсида Анна Пракатень ҳам кумуш медаль олди.
Эркаклар ўртасидаги LM2x дастурида эса Шаҳзод Нурматов ва Собир Сафаралиев финишда биринчи бўлиб, Ўзбекистон делегацияси ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшди. Ушбу жуфтлик жорий йилги жаҳон чемпионатида ҳам ғолибликни қўлга киритган эди.
Ўзбекистон вакиллари ушу бўйича ҳам икки бронза медалга эга бўлди. -56 килограмм вазн тоифасида Сайдулло Абдурашидов, -75 килограммда эса Дониёр Турғунбоев шоҳсупага кўтарилди.
Қиличбозликда рапира бўйича иштирок этган Полина Волобуева ярим финалга қадар етиб бориб, бронза медалини қўлга киритди.
Киберспортда эса Ўзбекистон Осиё ўйинларидаги илк медалига эришди. Футбол симулятори бўйича баҳсларда Абубакр Иминжанов ва Фаррух Мирҳамидов мусобақани бронза медали билан якунлади.
Медаллар жадвалини ҳамон Хитой, Япония ва Жанубий Корея учлиги бошқариб турибди.
Ҳозирча Ўзбекистон делегацияси ҳисобида 4 та олтин, 10 та кумуш ва 7 та бронза – жами 21 та медаль мавжуд. Бу натижа мамлакатимизни умумий медаллар жадвалида 7-ўринга олиб чиқди.
24 сентябрь куни Ўзбекистон спортчилари академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэ, бокс, енгил атлетика, қиличбозлик, сузиш, стол тенниси, ўқ отиш, чим устида хоккей, сув полоси ва спорт гимнастикасида иштирок этади.
Жумладан, академик эшкак эшишда Шаҳбоз Холмурзаев, Меҳрожбек Маматқулов ва Павел Сорин, Максим Голубев ва Алишер Турдиев, бир қатор аёллар жамоалари финал баҳсларида қатнашади.
Боксда Феруза Казакова, Шавкатжон Болтаев ва Навбаҳор Ҳамидова рингга чиқса, спорт гимнастикасида Оксана Чусовитина ҳамда Ўткирбек Жўраев ва Равшан Комилжонов финал баҳсларида иштирок этди.
Жорий Осиё ва Пара Осиё ўйинларидан бошлаб Ўзбекистон спортчилари учун медаллар эвазига бериладиган мукофот пуллари оширилди.
Амалдаги тартибга кўра, Осиё ва Пара Осиё ўйинларида олтин медаль соҳиби 25 минг, кумуш медаль соҳиби 12 минг, бронза медаль соҳиби эса 6 250 АҚШ доллари миқдорида бир марталик пул мукофоти олади.
Медалдор спортчиларни тайёрлаган мураббийлар ҳам рағбатлантирилади: чемпионни тайёрлаган устозга 10 минг, кумуш медаль соҳибининг мураббийига 5 минг, бронза медаль соҳибининг устозига 2 500 АҚШ доллари берилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси








