Минскдаги улгуржи кўргазма-ярмаркаси доирасида Ўзбекистон агросаноат мажмуаси имкониятлари намойиш этилди

Ноябрь 20, 2026. 10:30 • 2 дақ

• 33
Минскдаги улгуржи кўргазма-ярмаркаси доирасида Ўзбекистон агросаноат мажмуаси имкониятлари намойиш этилди

МИНСК, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Минск шаҳрида ўтказилаётган 32-Халқаро ихтисослаштирилган “PRODEXPO-2026” улгуржи кўргазма-ярмаркаси доирасида Ўзбекистон агросаноат мажмуасининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти тақдим этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий маркази ҳамда Беларусь Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги томонидан ташкил этилган “МДҲ доирасида кооперацион ҳамкорлик” халқаро форумида Ўзбекистоннинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларидаги имкониятлари, қўшма лойиҳалар ва МДҲ маконида саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболларига бағишланган алоҳида тақдимот ўтказилди.

Иштирокчиларга мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини оширишда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатининг ўрни, қайта ишлаш соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, анъанавий савдодан ишлаб чиқариш ва технологик кооперацияга ўтиш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.

Шунингдек ўқинг

Беларуснинг “Серволюкс” компанияси Ўзбекистон билан саноат кооперацияси лойиҳалари ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, Беларуснинг “Беллакт” ОАЖ ишлаб чиқариш қувватлари негизида Ўзбекистоннинг илк миллий бренди — “Safolak” остида болалар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш линияси ишга туширилгани қайд этилди.

17–20 ноябрь кунлари Минскдаги “БелЭкспо” халқаро кўргазмалар марказида бўлиб ўтаётган мазкур кўргазма-ярмаркада етти мамлакатдан 160 дан ортиқ компания қатнашмоқда.

Айни пайтда Беларусда Ўзбекистон капитали иштирокида чорвачилик соҳасида 40 га яқин лойиҳа амалга оширилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш