Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги янги ҳамкорлик модели катта истиқболга эга
Ноябрь 20, 2026. 09:30 • 3 дақ
• 24
ТЕЛЬ-АВИВ, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Исроил Ахборот урушларини тадқиқ этиш институти (ISIWIS) интернет-платформаси бош муҳаррири Юрий Бочаровнинг Ўзбекистон Президентининг Ўмон Султонлигига давлат ташрифи якунларига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллифнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўмон Султонлигига давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларида янги босқични бошлаб берди.
Музокаралар чоғида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилиб, 30 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Энг муҳими, томонлар ҳамкорликни анъанавий савдо-сотиқ доирасидан чиқариб, қўшма инвестициялар, саноат кооперацияси ва халқаро бозорларни биргаликда ўзлаштиришга йўналтиришга келишиб олди.
Ўзбекистон–Ўмон бизнес-форумида умумий қиймати 5 миллиард долларлик қўшма лойиҳалар портфели шакллантирилиб, ўзаро товар айланмасини 1 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланди. Ҳолбуки, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 3,2 миллион доллар атрофида бўлган. Бу рақамлар янги мақсаднинг нақадар улкан эканини кўрсатади.
Ўзбекистон таклиф этаётган янги иқтисодий модель тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш билангина чекланмайди. У қўшма корхоналар ташкил этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ва учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқишни назарда тутади.
Бу борада икки давлатнинг иқтисодий имкониятлари бир-бирини тўлдиради. Ўзбекистон саноат салоҳияти, хомашё ресурслари, меҳнат бозори ва ишлаб чиқариш имкониятларига эга. Ўмон эса инвестиция капитали, денгиз портлари ва Форс кўрфази, Ҳинд океани ҳамда Шарқий Африка бозорларига чиқиш имкониятлари билан ажралиб туради.
Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Ўмоннинг “Asyad” логистика гуруҳининг Ўзбекистондаги йирик логистика компанияларига кириб келиши, Соҳор портида логистика инфратузилмасини ривожлантириш, ягона савдо-логистика платформасини ташкил этиш ва авиақатновларни кенгайтириш товарларни халқаро бозорларга етказиб бериш имкониятларини ошириши мумкин.
Экспертнинг фикрича, саноат кооперацияси ҳам янги шерикликнинг муҳим йўналишларидан биридир. Хусусан, кабель ва трансформатор маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш ҳамда уларни қўшни давлатларга экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Кимё саноати, геология-қидирув, минерал хомашёни қайта ишлаш ва энергетика соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Молиявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон–Ўмон инвестиция компанияси устав капиталини 500 миллион долларга етказиш, инвестиция фондлари фаолиятини кенгайтириш ва тижорат банки ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Эълон қилинган 5 миллиард долларлик лойиҳалар портфелини амалдаги инвестициялар, ишлаб чиқариш қувватлари ва реал экспорт шартномаларига айлантириш осон кечмайди. Бунинг учун самарали логистика, барқарор молиялаштириш ва рақобатбардош маҳсулотлар зарур.
Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги янги ҳамкорлик модели катта истиқболга эга. Унинг асосий устунлиги шундаки, мамлакатлар фақат бир-бирига товар сотиш билан чекланмай, балки янги қиймат яратадиган ишлаб чиқариш занжирлари, инвестиция механизмлари ва халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини биргаликда шакллантиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси